Андижон 24

Булоқбошида Наврўз


17.03.2018   1607

Дилларга кўтаринкилик, шижоат олиб келган Наврўз шодиёналари булоқбошиликлар томонидан ҳам катта тантана ва шодиёналар билан нишонланди. Туман марказидаги болалар ва ўсмирлар спорт мажмуаси футбол ўйингоҳида корхона, ташкилот, муассаса ва маҳалла фуқаролар йиғинларидан иборат жамоалар баҳорий таомлар, пишириқлар билан дастурхон безадилар. Турли хил кўргазмалар ташкил этилиб, ҳар бир жамоа ўз йўналишида баҳорни тасвирлашга уринди.

Байрамга алоҳида ҳозирлик кўрган кичкинтойларнинг ғайрат-шижоати ўзгача. Улар миллий ўйинларимиздан бўлган варрак учириш, арқон тортиш мусобақаларида беллашиб, ўзларининг эпчил, чаққон ва бақувват бўлиб вояга етаётганликларини намойиш этдилар. Баҳорни, Наврўзойни тараннум этувчи қўшиқлари ҳам байрам иштирокчиларига аъло кайфият улашди.

Наврўз тантаналари доирасида ўтказилган кўргазма ва ярмаркалар булоқбошиликларнинг эътиборидан четда қолмади. Айниқса, китоб ярмаркаси китобхонлар учун ажойиб совға бўлди. Харид қилиб олинган турли адабиётлар кўплаб китобхонларнинг маънавий бойлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бугунги кунда туманда ўзбек, қирғиз ва бошқа миллатга мансуб фуқаролар аҳил-иноқликда ҳаёт кечирмоқда. Улар ҳар бир байрамни мана шундай уюшқоқлик билан, юқори савияда ўтказадилар. Наврўз тантанлари муносабати билан тикилган ўтов ва қирғиз миллий таомлари байрам иштирокчилари қизиқишига сабаб бўлди.

Катта тайёргарлик билан бошланган байрам тадбирига туман мутасаддилари, оқсоқолларнинг ташрифи тантананинг асосий қисмини бошлаб берди. Унда вилоятимизнинг таниқли хушовоз хонандалари, бадиий хаваскорлик жамоалари ва ёш истеъдод эгалари ўзларининг куй-қўшиқлари, рақс ва саҳна кўринишлари билан барчага олам-олам қувонч, шодлик улашди.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.