ЖАМИЯТ

БОҒЛАР ХАТЛОВДАН ЎТКАЗИЛАДИ


29.12.2019   1332

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 11 декабрдаги ПҚ-4549 сон қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу хужжатга кўра республикамизда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туманда хусусан, вилоятимизнинг мева-сабзавотчиликка ихтисослашган Асака туманидаги боғлар хатловдан ўтказилади.

Қарорга мувофиқ, мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишда кластер ва кооперация тизимини ривожлантиришнинг янги механизмлари жорий этилиши кўзда тутилган.

Мева-сабзавот кластери ташаббускор, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасидаги уч томонлама келишув асосида ташкил этилади.

Мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда мавжуд боғ ва токзорлар хатловдан ўтказилиши режалаштирилган.

Хатлов натижасига кўра самарасиз боғ ва токзорларни янгилаш юзасидан туманлар кесимида манзилли рўйхатлар шакллантирилади ва тасдиқланиши белгиланган.

Янги боғ ва токзорларни барпо этишда улар олдиндан аниқ мева-сабзавот кластерига ёки қишлоқ хўжалиги бирлашмасига бириктирилади.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган очиқ ер майдонлари, ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан бўшаган майдонлар ва яроқсиз деб топилган боғ ҳамда токзорлар жойлашган ерларда интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади, иссиқхоналар қурилади ҳамда улар аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида берилади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари ва мева-сабзавот кластерлари иштирокчиларига интенсив кўчатлар (пакана ва ярим пакана) ҳамда пайвандтагларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар, кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларига субсидиялар ажратилиши кўзда тутилган.

Узумчилик йўналишидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик тақдим этилади.

Б.Р.Мухторов,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Анросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Асака тумани бўлими бошлиғи ўринбосари