ЖАМИЯТ

БОБОМ ТИНЧЛИК УЧУН МАРДОНА КУРАШГАН


29.04.2020   946

Ҳар гал 9-май яқинлашган сари бобом –Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси, Катта Фарғона канали қазиш ишлари фидойиси Усмонжон Ҳайдаровнинг уруш хотираларини сўзлаб берганлари ёдимга келаверади. Тасаввуримда қонли жанг майдони, киноларда кўрганимдек оловли уруш тўзонлари жонланади.

-Хали чақирув келмасидан 1942 йилнинг ёзидаёқ ўзим отланганман урушга, болам, - дея сўзлаб берганди.- Қудратли сафдошларим билан тўғри Москва остоналарига борганмиз. Эҳҳе,Норо-Фоминск, Орёл, Курск шаҳарларидаги фашистлар билан қонли тўқнашувларда кўзимизга фақат оиламиз, юртимиз, тинчлигимизни халққа қайтариш турарди. Ёнгинангда кетаётган сафдошинг бирдан ўқ тегиб йиқиладию, жуда тезлик билан жони узилади. Ҳатто ёрдам ҳам беролмайсан. Сен билан тик туриб душман билан мардона олишаётган ўртоғинг оғир яраланадию, госпиталда шифокорлар кўз олдингда ё қўлини, ёки оёғини кесишга мажбур бўладилар. Қандай даҳшатлигини тасаввур ҳам қилолмайсан, илоҳим, қилмагин ҳам...

Кўз олдимда беихтиёр жанг майдонида фашист билан юзма-юз туриб қанчалаб бевақт жон берган дўстлари учун қасос олаётган бобом гавдаланарди. Ўшанда уларнинг кўзларидаги ёшни пайқаб, гоҳ тушуниб, гоҳ тушунмай далда беришга уринардим. Шунда бобом раҳматли:

-Ўша машъум кунларни биз кўрдик. Сизларкўрманглар.. Бугун дориломон кунларда яшаяпсизлар. Биз фақат орзу қилардик бундай тўқчилигу, тинчликни. Қадрига етинглар, болам... – дея бот-бот таъкидлашдан чарчамасдилар.

Бобом ҳам урушда яраланиб, бир оёғидан ажраган. Бир оёғини Тюмень госпиталида қолдириб келган бобомнинг тинчлик, осудалик учун бўлган жанглардаги хизматлари қатор орден ва медалларда кўксини безаб турарди.

Жангдан қайтиб, халқ учун меҳнат қилди. Бригадир бўлиб ишлаган. Қишлоғимизда илк бор тегирмон фаолиятини ишга тушириб, ҳамманинг ҳожатини чиқарган. Ҳозирга қадар ўша вақтларни эслайдиганлар эътироф этганларида ғурурланиб кетаман. Колхознинг ер майдонларига бобом эккан тарвузу қовунларнинг овозаси ҳозиргача гапиришади. Момомиз Буойша она билан тўққиз фарзандни тарбиялаб элга қўшдилар. Узоқ йиллар эъзозда. ардоқда яшадилар.

Айни вақтда Олтинкўл туман Давлат архивида сақланаётган Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларнинг ҳужжатлари орасида бобомнинг ҳам номи борлигидан фахрланаман. Ўзим шу ташкилотда фаолият юритганим боис ҳар қадамда улар мени дуо қилиб тургандек туюлади. Суратларига боқиб, шундай мард инсоннинг набираси эканимдан ифтихор туяман. Мен учун бу ҳужжатлар жуда қадрли. Улар бугунги тинчлигимиз, эркимиз, халқимиз қадр-қиммати учун фидойилардир.

Муҳаббат СОДИҚОВА,

Олтинкўл туман Давлат архивининг

2-тоифали архивчиси.