Андижон 24

БИЗ ЯШАЁТГАН КЎП ҚАВАТЛИ УЙ 20 ЙИЛДАН БУЁН ТАЪМИРЛАНМАГАН ЭДИ


21.08.2020   4415

Андижон вилояти Булоқбоши туманида 2017-2019 йиллар давомида 47 та кўп қаватли уй мукаммал ва жорий таъмирдан чиқарилди.

Айни кунда тумандаги 8 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 68 та кўп қаватли уйнинг мавжуд 843 та хонадонида 2 минг 600 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Мазкур кўп қаватли уйларнинг техник ҳолатини сақлаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.

– Президентимизнинг 2017 йил 24 апрелдаги “2017-2021 йилларда қўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа дастурлар ижроси доирасида кейинги йилларда тумандаги 47 та кўп қаватли уй босқичма босқич жорий ва мукаммал таъмирдан чиқарилди, – дейди туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Алишер Ураимов. – Жумладан, 22 та уйнинг том, 46 та уйнинг фасад қисмлари таъмирланди, йўллари асфальтланиб, кириш йўлакчаларига брусчатка ёткизилди, подъездларга темир эшиклар, ойналарига фрамуға ойналари ўрнатилди. Шунингдек, 8 та болалар майдончаси, 8 та тандирхона қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ана шу қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш учун тижорат банклари томонидан ажратилган 2 миллиард 602 миллион сўм имтиёзли кредитлар ҳамда 490 миллион 225 минг сўм маҳаллий бюджет маблағлари сарфланди.

Жорий йилги манзилли Дастур ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида Нефтчилар маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйнинг фасад қисми, кириш йўлаклари таъмирланмоқда. Таъмирлаш ишлари учун 47 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

– Биз яшаётган уйнинг қурилганига қарийб ярим асрга яқин вақт бўлган, – дейди шу уйда яшовчи меҳнат фахрийси Шаҳзодахон Азимова. – Ўн йиллар аввал уйнинг томи шифер билан қопланган бўлса-да, 20 йилдирки, уйнинг ташқи томони таъмирланмаган, анча хароб аҳволга келиб қолган эди. Мутасаддиларга раҳмат. Шу кунларда уйимиз таъмирланмоқда, йўлакчаларига брусчатка ётқизилиб, ёритгичлар, подъездларга темир эшиклар ўрнатилмоқда, атрофи ободонлаштирилмоқда. Бу албатта, яшовчиларга қатор қулайликлар яратади, қолаверса, одамларнинг кайфияти, руҳиятини кўтаради.

Айни кунда тумандаги кўп қаватли уйларга 6 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатмоқда. Ширкатлар томонидан уйларнинг техник ҳолатини сақлаш, уйлардаги мавжуд камчилик ва носозликларни бартараф этиш, яшовчилар учун қулайликлар яратиш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ.