Андижон 24

«БИЛИМДОНЛАР АКАДЕМИЯСИ» ИШ БОШЛАДИ (+ФОТОГАЛЕРЕЯ)


11.03.2020   6435

Андижон шаҳрида “Билимдонлар академияси” нодавлат мактабгача таълим муассасаси очилди.

Кичкинтойларни билимлар дунёсига етакловчи маскан номида бежизга “академия” сўзи ишлатилмаган, зеро келгусида айнан шундай нуфузли даргоҳларни “забт этишга” болажонларда иштиёқ, интилиш ва замин яратилади бу ерда.

Таълим-тарбия икки йўналишда олиб борилади. Биринчиси – коррекцион йўналиш. Унда болажонлар соғломлаштирувчи гимнастика билан шуғулланадилар, даволовчи массаж оладилар. Зарур ҳолларда дефектолог ёрдамга келади. Иккинчи йўналишда интеллектуал салоҳияни ривожлантириш учун ментал арифметика, робототехника, шахмат машғулотлари ўтказилади. Шунингдек, рус, инглиз тиллари, хореография, таэквондо тўгараклари ташкил этилган.

Ҳар бир хона маълум фанга, касбга йўналтирилган ҳолда юқори дид билан, қизиқарли маълумотларга бой қилиб жиҳозланган: астрономия, кашфиётчилар, лидерлар, архитекторлар хонаси...

-150 ўринга мўлжалланган муассасага юқори малакали мутахасислар, ўз ишининг фидойилари жалб этилган, -дейди МТМ мудираси Ҳуснидахон Исраилова. – Иш ҳафтаси 6 кун қилиб белгиланган. Ҳаётий эҳтиёждан келиб чиқиб, узайтирилган гуруҳлар кўзда тутилган. Тунги гуруҳлар ташкил қилишни режалаштирганмиз.

Очилиш тантанасида иштирок этган вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов таълим соҳасида олиб борилаётган ишларга тўхталди. Барчани янги муассасанинг ишга туширилиши билан табриклади.

«auz.uz» online гуруҳи.