Андижон 24

Беш ташаббус: ИҚТИДОРЛАРНИ КАШФ ЭТИБ


15.06.2019   935

Тарихдан лавҳа

Харабек қишлоғининг Отчопар маҳалласи Андижон туманининг чекка ҳудудларидан. Кексаларнинг таърифлашича, ўтган асрнинг бошларида Ҳакан қишлоғи, Булоқбоши ва Асака туманларидан келган аҳоли шу ерда деҳ- қончилик қилиб, Отчопарга асос солган экан. 1928 йилда ҳашар йўли билан Қатортол ариғи очилган. Маҳалла номининг келиб чиқиши Отчопар ота исмли мўйсафидга бориб тақалади. У фақат дили пок, қалби тоза инсонларга кўриниш берган, дея ривоят қилинади.

Ҳозирда ҳам аҳоли асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Вилоятимиздаги қайси бир деҳқон бозорига кирманг, Отчопар адирликларида ранг олган тарвуз харидоргир. Қайроқи буғдой етиштириш, гулчиликда ҳам ўзига хос мактаб яратилган.

Ўтган якшанба куни Президентимизнинг муҳим беш ташаббуси бўйичаайнан шу ҳудудда «Андижоннома» газетаси таҳририяти ва Тасвирий ойна ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида тадбир ўтказилди. Маҳаллада мактаб, ҚВП, боғча жойлашган, ўзининг стадионига эга. Бу ерда санъат, маданият, спорт ва меҳнатгачанқоқ, соддадил самимий инсонлар истиқомат қиладилар. Тадбир барчани бирдек оёққа турғазди. Айниқса, маҳаллага янги сайланган раис Улуғбек Ўринбоев, 11-мактаб директори Бекзод Ҳусанов, ўқитувчилар, фаоллар, нуронийлар катта ёрдам бердилар. Уларнинг ташкилотчилигида ҳашар уюштирилиб, ҳудуд ободонлаштирилди. Шинам кўринишга келган стадионнинг бир четига тентли чодир тикилди. Китоб кўргазмаси, қўл меҳнати, чизмачилик, компьютер графикаси асарлари териб чиқилди. Стол тенниси учун анжомлар, шахмат тахталари келтирилди, спортчилар гилами тўшалди, ўйингоҳ тадбирга монанд безатилди.

Маҳаллага ярашган байрам

Икромжон Масаидов механизаторликни орқасидан оила боқади. Сурнайни қойиллатиб чалиши билан тўй-тўркинга файз киритади. Укаби яна беш нафар ҳаваскор жамоа тузиб, байрамда туриб беришди. Чор атрофга таралган ёқимли садолар барчани стадионга чорлади.

Тадбир болажонлар ижросидаги "Менинг юртим" дея номланган композиция билан бошланди. Қўлида байроқчалар тутган кичкитойлар бахтли болаликни куйладилар. "Андижон полькаси" янграганда болажонлар сафига катта ёшдагилар ҳам қўшилди.

Бокс, стол тенниси, кураш, арқон тортиш ва шахмат-шашкамусобақаларида юз нафардан ортиқ йигит-қиз куч синашди. Кикбоксинг бўйича республика ва халқаро турнирлар ғолибларининг чиқишларикелгусида катта майдонларда юртимиз байроғини баланд кўтаришларига умид уйғотди.

Мусиқа садолари остида Харабек қишлоғидаги уюшмаган ёшлардан ташкил топган футбол жамоаларимайдонга кириб келди. Ҳаваскор футболчилар ўз маҳалласининг шарафини ҳимоя қилиш учун курашдилар. Кечга қадар давом этган беллашув якунига кўра "Дўнгқишлоқ" жамоаси биринчи, "Отчопар" иккинчи ўринни эгаллаб, ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.


Халқ рассоми Отчопарда

Сайилгоҳга айланган майдон ҳар қандай ижодкорга илҳом беради. Ўзбекистон халқ рассоми Обиджон Бакиров ўтказган маҳорат дарси ёшлар билан бир қаторда катталарнинг эътиборини тортди. Устоз шу жойнинг ўзида Отчопар ва отчопарликлар сиймоларини қоғозга муҳрлади. Мусаввирга тақлид қилиб қалам тутган Дилшода Собирова, Рўзимуҳаммад Мамасодиқов каби ёш иқтидорлар бедапоя четидаги устоз сабоғини бир умр ёдда сақлашлари тайин.

Асосий мавзу она Ватан, гўзал табиат ва бахтли оила бўлди.

Бугунги тадбир чинакам маънавият байрамига айланди, дейди Обиджон Бакиров. Бундайин гўзал юрт кишига фақат илҳом беради. Ёшларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш керак. Шаҳар марказларидагидан сира қолишмайдиган ижодий муҳит яратилган. Оила, маҳалла ва мактаб ҳамкорлигининг натижаси бу.Менинг ижодимда отчопарликлар янги мавзу бўлди.

Римни алишмасман бедапоянгга

Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб юқоридаги мисралар тадбирнинг тўртинчи йўналишдаги китобхонлик, шеърият қисми ўзагини ташкил қилди. 11-мактабда ташкил этилган адабиёт тўгараги аъзоларининг ифодали ўқиши мушоирага уланди. Ёш ижодкорлар Меҳринисо Йўлдошева ва Барно Одиловаларнингшеърий машқлари содда ва халқона тилда. Ватанпарварлик уларнинг бош мавзуси. Мурғак қалблардаги ўз қишлоғи, маҳалласига бўлган муҳаббатининг ифодаси бу.

Таниқли шоир Сайдулло Ортиқов Отчопар Заҳириддин Муҳаммад Бобур қадами етган муқаддас жой эканлигини эътироф этиб, бу заминФарид Усмон ва Усмонжон Шукуровга бешик бўлганини таъкидлади.

Отчопарман

От чопганда титраган ерлар,

Туя ўркачига ўхшаган қирлар,

Минг асрлар яширган сирлар

Мен ўша қадди виқорман

Отчопарман.

Уруш йиллар мен томон боққан,

Нажот излаб дарёдан оққан,

Минглаб очлар қорнини боққан,

Мен сахий нонин бўларман

Отчопарман.

Илон изли қатортол ариқ,

Суви билан ҳосиллар бўлиқ,

Мевалари қанд-амал тўлиқ,

Борлиғим-ла элга ёқараман

Мен Отчопарман.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия васпортга кенгжалб этиш, улардаахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида шу йилнинг 19 мартидаги тарихий даъвати бугун ўлкамизнинг узоқ-яқин қишлоқларида акс садобераётир. БизОтчопар деб аталмиш гўзал гўшада саховатли адирлар бағрида бунга яққол гувоҳ бўлдик.

Отчопарликларнинг аждодлари Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида кўрсатган жасоратлари ҳақида кўп эшитганмиз. Бугун уларнинг авлодлари мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, фарзандларини шу Ватанга садоқатли қилиб тарбиялашга астойдилинтилаётганликларини кўриб қувондик, деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Назиржон Саидов.

Ёшларнинг бугунги меҳнати ва турмуши, ижоди ва илм-фанга интилиши, санъату спортга меҳр-муҳаббати ана шундан далолат бериб турибди.Маҳалланинг гўдагидан тортиб нуронийсига қадарЮртбошимиз бошлаган улуғ ниятларга ҳамоҳанг эканлиги дилларни яйратиши шубҳасиз.

Гуллар маликалари

Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бешта ташаббусда кўрсатилган асосий вазифалардан бири. Маҳалла фаоллари шундан келиб чиқиб, бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

2 минг 925 нафар аҳолининг1 минг 500 нафарини хотин-қизлар ташкил этади, дейди МФЙ раиси У. Ўринбоев. "Гуллар маликалари" номини олган Чиннихон Хошимова ва Муножатхон Тўхтасиновалар "Устоз-шогирд" мактабини яратишган. Уй бекалари етиштирган гуллар барчага гўзаллик улашади.

Маҳаллада касаначиликка алоҳида эътибор қаратилиб, Андижон давлат университети педагогика факультети умумтехника фанлари ва меҳнат таълими кафедраси билан ҳамкорликда иш олиб бориляпти. Биринчи навбатда хотин-қизларнинг қизиқишлари ўрганилди. Ана шу асосда чеварлик, зардўзлик каби йўналишлар ривожлантирилмоқда.

Оқшомга қадар давом этган тадбир маҳалла аҳли учун ҳақиқий маънавият байрами бўлди.

Саидаҳмад ШУКУРОВ,

Акбаржон НАЗАРОВ.