ЖАМИЯТ

БЕШ ТАШАББУС: ДЎСТЛИК УЧРАШУВИ


21.06.2019   1423

Вилоят кўзи ожизлар кутубхонасида ўтказилган “Беш ташаббус билан келажак сари” шиори остида ўтказилган “Заковат” интелектуал ўйини ҳамда “Сеҳрли шахмат” мусобақаси қирғиз-ўзбек халқининг чинакам дўстлик байрамига айланиб кетди. Давлатлар мадҳияси садолари остида очилган тантанада меҳмонлар ҳурмат билан кутиб олиндилар.

Вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси 20 мингдан ортиқ китоб фондига эга. 1 минг 300 га яқини брайль ёзувидаги адабиётлардир. Зиё масканида ясси ҳарфли босма ҳамда диск ва электрон адабиётлардан ҳам фойдаланиш йўлга қўйилган. 6 мингдан зиёд китобхоннинг тўрт юзга яқини 16 ёшгача бўлган йигит-қизлар, улар қаторида юзлаб кўзи ожиз ёшлар бор. Кутубхонанинг ўндан ортиқ туманларда филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

Меҳмонлар кутубхонада яратилган шароитлар билан танишдилар. Икки халқнинг яқинлиги, ажралмас тарихи, адабиёт ва санъати интеллектуал беллашувда яна бир бор ўз ифодасини топди.Гуруҳларга жам бўлган заковатчилар қирғиз ва ўзбек адабиёти намояндалари, этник яқинлиги, қадимий урф-одатларига оид берилган саволларга жавобларида ажралмас бир бутунлигини ифодалади.

Беш ташаббуснинг иккинчисида таъкидланганидек ёшларни жисмонан чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилиш мақсадида қирғиз-ўзбек ёшлари шахмат мусобақасида беллашдилар.

- Бугунги тадбирда қадимий дўстлик, биродарликни яна бир бор ҳис этдим. Учрашувларимиз давомийдир. Келгусидаги беллашув Ўш шаҳрида ўтказилади, -деди қирғизистонлик Комилжон Майнаев.

Меҳмонлар учун концерт дастури намойиш этилди.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.

А.Қодиров олган сурат.