Андижон 24

БАНДЛИК МАСАЛАСИ МУҲИМ ЭЪТИБОРДА


06.08.2019   964

Қўрғонтепа туманидаги 14-умумтаълим мактабида ишсиз фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Нодирбек Якубов сайёр қабул ўтказди.

Қабул давомида элликдан ортиқ аҳоли вакилларининг меҳнат муносабатлари ва иш билан таъминлашга доир масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди.

- Бекорчилик билиб билмасдан жиноят йўлига кириб кетиб қолишимга сабабчи бўлди,- дейди Қўрғонтепа туманидаги Тошлоқ маҳалласида яшовчи Авазбек Қорабеков. -Қонуний тартибда жазоимни олиб қайтганимга анча бўлди. Келибоқ ишга жойлашишга тараддуландим. Афсуски, муносиб иш топилмади. Кўр хассасини бир марта йўқотади деганларидек, яқинларимнинг таклифи билан уйимдаги 5 сотихли томорқада иссиқхона қуриб ўзимни банд қилмоқчиман. Лекин тижорат банклари турли важлар билан кредит беришни исташмаётган эди. Бугунги қабулда вазирлик жамғармасидан ишимни бошлашим учун субсидия ажратиладиган бўлди. Энди деҳқончилик орқали ҳалол ризқ топиб, яхши ва бахтли ҳаёт кечиришга ҳаракат қиламан.

Мурожаатлар шу ернинг ўзида Бандликка кўмаклашиш марказлари ва тегишли корхона, ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирокида кўриб чиқилиб, ҳал қилиш чоралари белгиланди. Натижада Баҳодир Содиқов, Сардорбек Маматов, Ҳаётилло Акбаров, Гульшаной Ҳайдарова, Гулҳаё Абдуҳамжонов, Обиджон Толиббоев, Дилфузахон Набиева каби яна ўнлаб фуқаролар ўзлари истаган йўналишлар бўйича ишга жойландилар.

Куннинг иккинчи ярмида вазир ўринбосари Хонобод шаҳридаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этиб, марказда яратилган қулайлик ва замонавий шарт-шароитлари билан яқиндан танишди.

У. МАМАРАСУЛОВ.

А. Тошматов олган суратлар.