ЖАМИЯТ

«АЁЛЛАР» ВА «ЁШЛАР» ДАФТАРЛАРИ ЮРИТИЛИШИ БЎЙИЧА СЕНАТОР ВА ДЕПУТАТЛАР НИГОҲИДА


05.12.2020   1199

Маълумки, маҳаллаларда “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларини юритиш бўйича кенг кўламли хатлов ишлари амалга оширилди. Мазкур тадбирларнинг қай даражада қониқарли бажарилганлиги юзасидан вилоят ҳокимлиги томонидан сенатор ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари туманларга бириктирилиб, ўрганиш ишларини олиб бормоқдалар.

Олий Мажлис сенати аъзоси, сенатор Матлубахон Ғаниева, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлари Хуршидахон Халилова, Жасурбек Режавалиев ҳамда Олтинкўл туман ҳокимлиги мутасаддиларидан иобарт ишчи гуруҳ ушбу туманнинг 4 та секторига қарашли маҳаллалардаги хонадонларда бўлиб, уларнинг яшаш шароитлари, муаммолари билан яқиндан танишдилар.

Жанона Солиева “Оқ тумор” маҳалласида истиқомат қилади. ижтимоий ҳимояга мутожлиги сабабли “Аёллар” дафтари рўйхатига киритилган. Бандлигини уйда таъминлаш чоралари кўрилган. Турмуш ўртоғи Шокиржон Солиев мавсумий меҳнат билан шуғулланади. 3 нафар фарзандлари ва рўзғор камларига эр-хотиннинг топгани аранг етади. Ишчи гуруҳ томонидан оилага моддий ёрдам ажратилиши зарурлиги аниқланди ва ижрога йўналтирилди.

Шу кўчада яшовчи Гулчеҳра Деҳқонова ҳам “Аёллар” дафтари рўйхатига киритилган фуқаролардан. 2-сектор масъуллари томонидан доимий назоратга олинган. Муаммоларига ечим топилган. 10 сотихдан иборат томорқасида деҳқончилик қилишлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш мақсадида барча кўмаклар берилган. Хонадон соҳибасининг соғлигида безовталик бор. Аммо турмушдан ортиниб даволанишга имкони етмайди. Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Х.Халилова томонидан туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонада даволаниши учун амалий кўмак берилди.

“Оқ тумор” маҳалла фуқаролар йиғинида айни кунда мавжуд 3369 нафар аҳолининг 1729 нафарини аёллар ташкил қилади. Маҳалладаги“Шох” кўчадаги симёғочлар қаттиқроқ шамол бўлса, қулаб тушиши табиий. Шу кзча аҳли вакили Ойбек Маматқуловнинг таъкидлашича, бир неча бор тегишли ташкилотга мурожаат қилинган. Бироқ фойдаси бўлмаган. Сенатор М.Ғаниева мазкур муаммо ечимига камарбаста бўлди.

Муҳаррамхон Йўлдашева шу кўчада истиқомат қилади. “Аёллар” дафтари рўйхатига киритилгани бежиз эмас. Тўрт нафар фарзанди уйли-жойли, кенжа ўғли билан туради. Турмуш ўртоғи Қосимжон Йўлдошев аёлининг қон босими, суяк емирилиши хасталикларидан азият чекаётгани туфайли ишдан бўшаб, ўз парваришига олган. Ўғли ҳам мавсумий меҳнат билан шуғулланади. Оиланинг даромади рўзғор камларидан ортмайди. Икки ойлик набирасига “болалар” пули керак. Аммо пайсалга солиб келинаётган бу ишнинг ечими ишчи гуруҳ ташрифини кутиб турга экан – ижрога йўналтирилди. Оила соҳибининг бандлик масаласидаги мурожаати хонадоннинг томорқасига имтиёзли кредит асосида иссиқхона барпо қилиш билан ҳал этилди.

Шу ҳудудда яшовчи Гулнора Темированинг ҳам бандлик масаласидаги муаммоси тумандаги “Мубина гранд” трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонада таъминланадиган бўлди.

Ўғилой Мадраҳимова кўп йиллардан буён кўзидаги қон босими баландлигидан қийналади. 51 ёшли аёлнинг даволаниш юзасидан қилган мурожаати депутат Х.Халилова томонидан қаноатлантирилди.

“Ганжиравон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 3470 нафар аҳоли 530 та хонадонда истиқомат қилиб келмоқда. Аҳолининг 1836 нафарини аёллар, 484 нафарини ёшлар ташкил қилади. Маҳалладаги хонадонларда бўлган ишчи гуруҳ имкон қадар фуқароларнинг муаммоларини бартараф этишга ҳаракат қилдилар. Жумладан, Эркахон Нишонова инсульт хасталигидан азият чекаётганига 14 йил бўлди. Онахонга доимий тиббий назорат керак. Ишчи гуруҳ томонидан соғлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этиладиган бўлди.

Қувонарлиси, маҳалладаги 22 нафар аёлларга ҳунармандчиликнинг турли йўналишларида имтиёзли кредитлар ажратилишига эришилган. Улардан бири Дурдона Тилаволдиева. Ташаббускор қизнинг касб-ҳунар коллежини тамомлаганига кўп бўлмади. Онасининг тўн тикишнинг сирларини ўрганган қиз мазкур кредит эвазига шу йўналишда ўз фаолиятини йўлга қўймоқчи.

“Уйшин” маҳалласидаги 3466 нафар аҳолининг 50 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Хатловлар намунали тарзда амалга оширилган. Маҳалланинг фаол аёлларидан иборат тарғибот гуруҳи маҳалла аҳли билан доимий мулоқотда, ташвишларидан хабардор.

Мазкур маҳаллада яшовчи Оязимхон Рустамова хонадонидаги мурожаат тегилши тартибда ижрога йўналитирилди. Яъни оиланинг боқувчиси Ғофуржон Рустамов уста дурадгор. Қурувчилик ишлари билан шуғулланади. Албатта, бу мавсумий меҳнат. Хонадон томорқасида жорий йилда иккита иссиқхона барпо этилди. Айни вақтда иссиқхоналарга экилган исмалоқ ҳосили харидоргир бўлган. Аммо кунлик даромад рўзғорга етиади холос. Ғ.Рустамов кредит олиш масаласида мурожаат қилди. Шлако-блок маҳсулотлари тайёрлайдиган цкҳ фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирди. Жой ҳам, бизнес лойиҳа ҳам тайёр. Бизнес лойиҳада кўрсатилган маблағ 40 миллион сўмни ташкил қилади. Фуқаронинг мурожаати юзасидан Олтинкўл туман ҳокимлиги мутасаддилари назорат ўрнатдилар.

Шу хонадонга ёндош уйда яшовчи Зиёдахон Самсақова лғир юрак жарроҳлик амалиётини бошидан кечирганига бир йилга яқин муддат бўлди. Уч йилга қадар аёл мунтазам вақт оралиғида стационар даволаниб туриши зарур. Аммо ҳозирча моддий имконияти етишмаяпти. Депутат Х.Халилова томонидан унинг муаммосига ечим топилди.

Муҳайё Сиддиқова ҳамширалик йўналишида таълим олгани, малакасини мустаҳкамлагани билан яшаш ҳудудидаги 45-ҚОПга ишга жойлашолмай ҳалак. Х.Халилованинг амалий кўмаги билан фуқаронинг муаммоси ижобий ечим топди.

2875 нафар аҳолини ўзида жамлаган “Қайирма” маҳалла фуқаролар йиғинида 487 та хонадон бор. Аҳолининг 1365 нафарини аёллар ва 339 нафарини ёшлар ташкил қилади. Хатлов давомида маҳаллада жами 13 та муаммо аниқланган бўлиб, уларнинг барчаси тегишли тартибда ижрога йўналтирилган.

Хуршида Раҳмонова “Аёллар” дафтарига киритилган фуқаролардан. Тикувчиликка қобилияти бор. Яхшигина чевар. Аммо тикув машинаси йўқ. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлга туман ҳокимлиги томонидан муаммоси бўйича амалий кўмак бериладиган бўлди.

Муяссархон Умурзақова

O’zLiDeP Андижон вилоят

Кенгаши бўлим мудири