102

АВТОМОБИЛЬ ДАВЛАТ РАҚАМИ БЕЛГИСИНИ ЕЧИБ ОЛИБ ЁКИ ЯШИРИБ ҲАРАКАТЛАНИШДАН ҚАНДАЙ МАҚСАД КЎЗЛАНГАН?


05.06.2021   1762

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига олиб борувчи 4Р-12 «Бектемир-Чорбоғ» автомобиль йўлида аксарият ҳайдовчилар тезликни белгиланган меъёридан ошириб ҳаракатланган вақтларида махсус автоматлаштирилган видео ва фото қайд этиш техника воситалари (фоторадар) нигоҳига тушмаслик мақсадида бошқарувидаги автомобилнинг давлат рақам белгиларини ечиб олиб ёки турли воситалар билан беркитиб ҳаракатланаётганликлари кузатилмоқда. Бунинг натижасида эса, ушбу автомобиль йўлида тезлик оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлганлиги ҳам маълумотларда қайд этилган. Мазкур қоидабузарликларга чек қўйиш мақсадида Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ушбу автомобиль йўлида бир неча ЙПХ инспекторларидан иборат гуруҳ ташкил этиб, давлат рақам белгисини ечиб олиб ёки турли воситалар билан беркитиб ҳаракатланадиган ҳайдовчиларни аниқлаш юзасидан назорат рейдларини ташкил этди. Маълум муддат бўлиб ўтган тунги рейд давомида ана шундай 12 та қоидабузарлик содир этган транспорт воситалари ҳайдовчилари аниқланиб, автомобиллар жарима майдонига жойлаштирилди. Бу ҳақда ЙҲХББ маълум қилди.

"Айрим қоидабузар ҳайдовчиларга шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 127-моддасига кўра, давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш, ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш мазкур Кодекснинг 125-моддасига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади" дейилади Бош бошқарма ахборот хизмати хабарида.