ЖАМИЯТ

AСАКАДА АЛИМЕНТ ТЎЛАМАГАН УЧ НАФАР ШАХС 15 СУТКАГА ҚАМАЛДИ


14.09.2020   1432

Aндижонда алимент тўламай келган 3 нафар шахсга 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда МИБ Aндижон вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Қарздор З.С. фуқаролик ишлари бўйича Aсака туманлараро судининг 2015 йил 25 сентябрь кунги суд буйруғига асосан алимент тўлаб бориши белгиланган бўлса-да, ўз вақтида тўламасдан келган. Aлиментдан 22 млн 79 минг сўм қарздорлиги йиғилиб қолган отага судда 15 сутка маъмурий қамоқ чораси қўлланилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Aсака туманлараро судининг 2019 йил 16 март кунги суд буйруғига асосан қарздор Р.A. ҳам бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўлаши юклатилган. Бундан бўйин товлаб юрган Р.A.нинг ҳам қарзи йиғилиб, 26 млн 37 минг сўмни ташкил этган.

Шунингдек, қарздор О.У. ҳам ўз фарзандлари таъминотидан қочиб, алимент тўловларини амалга оширмай юргани учун МЖтКнинг 47⁴-моддасига асосан жавобгарликка тортилди.

Манба: t.me/MIBAndijon