Андижон 24

Андижонда журналистлар боғи яратилади


27.06.2018   1563

Андижон туманида журналистлар боғи барпо этилади. “Тўртинчи ҳокимият” вакиллари томонидан илгари сурилган бу ғояни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда якдиллик билан қўллаб-қувватлади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят театрида ташкил этилган маросимда матбуот ва телевидениеда фаолият кўрсатиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган касб эгаларига алоҳида иззат-икром кўрсатилди.

“Юртимизда, жумладан, вилоятимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлар жараёни хусусида халқимиз, энг аввало, сизлар орқали хабар топади, - дея таъкидлади вилоят ҳокими. – Ҳокимлик ва журналистлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, ижодкорлар олдида турган турли муаммоларни бартараф этишга, соҳани ривожлантириш учун билдирилган ҳар қандай таклиф ва ташаббусни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёрман”.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари ва матбаа корхоналарининг фидойилик билан меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Назиржон Саидов, “Андижон ёшлари” газетаси муҳаррири Маъмуржон Саидхонов, “Андижанская правда” газетаси махсус мухбири Шефие Иманкулова, фахрий журналист Бекмирза Мадраҳимов ва бошқалар оммавий ахборот воситаларининг бугунги қайноқ жараёндаги фаол иштироки хусусида сўз юритдилар.

Тадбир “Ҳамкор” халқаро бизнес марказининг тантаналар саройида бир пиёла чой устида давом этди.

Нурилло НЎЪМОНОВ.