Андижон 24

АНДИЖОНДА ЙИЛ БОШИДАН БЕРИ 300 НАФАРГА ЯҚИН БЕМОРДА МУРАККАБ ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИК ОПЕРАЦИЯЛАР ЎТКАЗИЛДИ


13.06.2021   2105

Мамлакатимизда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш, саломатлигида муаммоси бор аҳоли қатламларининг даволаниш учун пойтахтга келиш эҳтиёжини йўқотиш мақсадида жойларда тиббий кўриклар ва даволаш муолажаларини ташкил қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Андижон вилоятига йил бошидан бери 17 та Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 189 нафар малакали мутахассислари сафарбар қилинган бўлиб, улар томонидан 2 200 нафарга яқин фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Пойтахтлик етук мутахассислар вилоят даволаш-профилактика муассасалари ва шаҳар, туман тиббиёт бирлашмаларининг тиббиёт ходимлари учун 400 дан ортиқ маҳорат дарслари ўтказди.

Эътиборли жиҳати, 300 нафарга яқин беморларда мураккаб юқори технологик жарроҳлик амалиётлари амалга оширилиши натижасида уларнинг операция учун пойтахтга келиш эҳтиёжи йўқолди.

Жумладан, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари болаларда туғма ва катталарда орттирилган юрак нуқсони ташхиси бўлган беморларда 35 та мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказди.

Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг етук мутахассислари 7 нафар беморларда бош мия ўсмаларини олиш операциялари амалга оширилди.

Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказидан шифокорлар вилоятнинг шаҳар ва туманларида 425 нафар кардиологик, ревматологик, гастроентерологик ва пульмонологик хасталиклари мавжуд оғир беморларни кўрикдан ўтказиб, керакли тавсиялар берди.

Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказидан малакали мутахассислар эса болаларда ва катталарда учрайдиган сурункали миелобластлейкоз ташхисли 35 нафар беморларга керакли маслаҳатлар бериб, ушбу хасталикни даволашда муҳим бўлган дори воситаси билан уларни таъминлади. Шунингдек, гемофилия ташхиси бўлган беморларга ҳам керакли дорилар тарқатилди. 114 нафар бемор болаларнинг оналаригахаста фарзандини парваришлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказилгани ҳам аҳамиятга эга.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказидан вилоятга ташриф буюрган мутахассислар маҳаллий шифокорлар учун коронарография текшируви ва стентлаш амалиёти бўйича маҳорат дарсларини ўтказиб, вилоятда ушбу усуллар амалиётга жорий этилди. Андижонда 114 нафар беморда коронарография текшируви ўтказилди ва 98 нафар беморда стентлаш амалиёти амалга оширилди, 10 нафар беморга эса электрокардиостимулятор ўрнатилди.

Андижонга Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказидан борган мутахассислар 156 нафар беморларни консультация қилиб, вилоят эндокринология диспансерида 4 нафар беморда мураккаб жарроҳлик операциясини ўтказди.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг етук шифокорлари чаноқ сон суяги кооксоатрози ташхисли беморларда эндопротезлаш амалиёти ўтказишмоқда. Шу кунга қадар 200 нафарга яқин беморларда эндопротезлаш амалга оширилди.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари саъй-ҳаракати билан вилоятдаги ушбу йўналишдаги диспансерда онкологик касалликларни даволашда янги усуллардан бўлган лапароскопик йўл билан мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, қорин парда аъзолари ва қорин парда орти аъзоларидан биопсия олиш, бачадон экстрипацияси амалиёти, онкомаркёрларни аниқлаш усули ҳам йўлга қўйилиши натижасида беморларнинг пойтахтга ва бошқа вилоятларга боришига эҳтиёж қолмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.