ЖАМИЯТ

АНДИЖОНДА ЯРИМ МИЛЛИОНДАН ОРТИҚ ГАЗ ЖИҲОЗЛАРИ КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛДИ


03.07.2020   711

Андижон вилоятида бугунги кунда 1 миллиондан ортиқ уй ичи газ жиҳозлари мавжуд бўлиб, уларни бир марталик техник кўрикдан ўтказиш истеъмолчиларни хавфсизлигини таъминлашдаги асосий талаблардан биридир.

Андижонда “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖнинг чилангар ва усталари томонидан 148 минг 797 дона 2 кампаракли (кўзли) газ плиталари, 122 ярим мингдан ортиқ 3 кампаракли ҳамда 318 мингдан зиёд 4 кампаракли газ плиталари ҳисобга олинган. Шунингдек, 378 минг иситиш печлари, 22 700 га яқин иситиш қозонлари, 46 минг 121 дона титан ҳамда 25 мингга яқин бошқа турдаги уй ичи газ жиҳозлари жорий йилда бир марталик техник кўрикдан ўтказилиши керак. Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида аҳоли хонадонлари ва улгуржи истеъмолчиларнинг 523 минг 554 дона газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилиб, истеъмолчиларнинг мавжуд газ жиҳозларидаги носозликлар бартараф қилинди.

Уй ичи газ жиҳозларини техник кўрик ва жорий созлашдан ўтказиш даврида хонадонлардаги носоз газ жиҳозлари ва резбали бирикмалардан газ сизиб чиқиш оқибатида юз бериши мумкин бўлган чақнаш, мўриконларни носозлиги туфайли ис газидан заҳарланиш каби салбий ҳолатлар бартараф этилади ҳамда истеъмолчи томонидан хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда газдан тежамкорлик ва оқилона фойдаланишига эришилади.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ ҳам ўз истеъмолчиларидан уй ичи газ жиҳозларига эътиборлироқ бўлишларини, йилда бир марта техник кўрикдан ўтказиш зарурлигини эслатиб ўтади. Зеро, ўтказилаётган мазкур техник кўрик ва жорий созлаш ишлари сиз ҳамда яқинларингизнинг хавфсизлиги гаровидир.

(Матбуот хизмати архивидаги суратларидан фойдаланилди)

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати