Андижон 24

АНДИЖОНДА “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ, БИРЛАШАЙЛИК!” ФЕСТИВАЛИНИНГ ЯКУНИ БЎЛИБ ЎТДИ


22.05.2021   1424

Маълумки, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланиб, бу борада давлат дастури қабул қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган эди. Турли фестиваль ва мусобақалар ўтказиб, ёшларни спорт, маданият ва санъатга қизиқтириш, нуфузли халқаро танловларга олиб чиқиш изчил давом эттирилиши алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, ёшларнинг жўшқинлиги ва шижоати мамлакат тараққиётида беқиёс кучдир. Улар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, келажакка ишончини ошириш азалий анъана ва қадриятларнинг умрбоқийлигини ҳам таъминлайди. Шу боис, юртимизда айнан ёшлар масаласига эътибор давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Хабарингиз бор Андижонда Республикамизнинг барча худудларидан ташриф буюрган ёшлар иштирокида форум бўлиб ўтди.

Форумнинг учинчи кунида иштирокчилар эрта тонгдан Aсака туманидаги “UzAutoMotors” автомобил заводига ташриф буюрдилар. Ташриф давомида иштирокчиларга автомобил заводининг тарихи, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми, келажакдаги режалар тўғрисида мутахассислар томонидан тушунчалар берилди.

Шундан сўнг, иштирокчилар Aндижон шаҳридаги ёшлар томонидан ташкил этилган текстил корхоналарига саёҳат қилишиб, ушбу корхоналарнинг иш фаолияти ҳамда ишчи-хизматчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Саёҳатдан сўнг Форум иштирокчилари Aндижон шаҳридаги Регистон майдонида 11-синфни тамомлаб ўз тадбиркорлиги ва ҳунармандчилигини йўлга қўйган ёшларнинг иш фаолиятидан ташкил этилган ярмаркада иштирок этдилар.

Андижон вилояти ҳокимлиги ва ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар томонидан ташкил этилган тадбирда барча ҳудудлардан кўплаб фаол ёшлар қатнашди.

Мазкур фестивалда карантин қоидалари асосида турли кўнгилочар шоу-дастурлар, машҳур бизнесменлардан тренинглар, спортчилардан мастер класс, дизайнер ва мода дефилелари намойиш этилди.

Aндижон шаҳрининг марказида фестивалнинг якуний галаконцерт дастури ўтказилди. Унда Республика ҳамда вилоятдан ташриф буюрган санъат усталари ўзларининг куй қўшиқлари билан йиғилганларни хушнуд этди. Галаконцерт давомида форум дастури асосида ўтказилган турли хил танловларда яхши натижаларга эришган ёшларга Андижон вилояти ҳокимининг эсдалик совғалари топширилди.

«auz.uz» online гуруҳи.