Андижон 24

АНДИЖОНДА ВИЛОЯТ ИИБ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИ БОШҚАРМАСИ ИШТИРОКИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ


21.12.2019   1120

Ички ишлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, ОАВ вакиллари ва аҳоли ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлаётган ҳолатларга муносабат билдириш мақсадида, Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати ташаббуси билан “Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси масъул раҳбарлари ва инспектор ходимлари, шунингдек, ОАВ вакиллари ҳамда бир қатор блогерлар иштирок этишди.

Матбуот анжуманини вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи подполковник Мирзоҳид Маъмиржонов очиб берди. Шундан сўнг ҳудуларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида профилактика инспекторлари томонидан мақсадга йўналтирилган манзилли профилактик тадбирлар амалга ошириб келинаётганлиги тўғрисида атрофлича сўз юритди. Жумладан, 2019 йилнинг ўтган 11 ойи давомида Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмат ходимлари, соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда бир қатор профилактик тадбирлар ўтказилиши натижасида умумий жиноятчилик сезиларли даражада камайишига эришилганлиги ҳам қайд этилди.

Бундан ташқари жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида 882 та МФЙларнинг 447 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаганлиги, назоратсиз ва қаровсиз юрган 650 нафардан зиёд вояга етмаганлар таълимга ва ота оналарига қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилганлиги, шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус бўйича “Ёшлар иттифоқи” Андижон вилояти кенгаши билан ҳамкорликда ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш мақсадида 130 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилганлиги, бу тадбирларда 12 350 нафардан зиёд ёшлар қамраб олинганлиги таъкидланди.

Матбуот анжуманида, вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Гулнорахон Абдувоҳидова ҳам сўз олиб, “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари мазмун моҳиятини кенг тушунтириш бўйича йўл харита ишлаб чиқилиб, вилоятнинг 882 та маҳалласида “Биз зўравонликка қаршимиз” шиори остида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилганлигини эътироф этди.

Шу билан бирга жорий йилнинг ўтган 11 ойи якуний бўйича меҳнат бандлиги ташкилоти билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида 120 дан ортиқ меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, ички ишлар органлари ҳисобида турган 350 нафардан ортиқ шахслар ишга жойлаштирилганлиги ҳам қайд этиб ўтилди.

Матбуот анжумани давомида ОАВлари вакиллари ва блогерлар томонидан берилган саволларга вилоят ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси масъул ходмилари батафсил жавоблар қайтардилар.

Тадбир сўнгида намунали хизмат кўрсатган бир гуруҳ профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари пул мукофотлари ва ташаккурномалар билан рағбатлантирилди.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати