ЖАМИЯТ

АНДИЖОНДА ВИЛОЯТ АВТОМОБИЛ ЙЎЛЛАРИ БОШҚАРМАСИНИНГ БЎЛИМ БОШЛИҒИ 300 ДОЛЛАР БИЛАН УШЛАНДИ


16.01.2021   2949

Асака туманида яшовчи Х.Н. ва Р.Н. замонавий бекат қуриш учун ер майдони олишда ёрдам беришни ваъда қилиб, 12 январ куни бир фуқародан тамагирлик йўли билан 1000 доллар олаётган вақтида ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Андижон вилояти бўлими хабар берди. (https://kun.uz/17406566)

Мазкур шахслар пулларни эҳтимолий жиноий шериги – Андижон вилоят автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи, Қўрғонтепа туманида яшовчи А.И.нинг кўрсатмаси билан олганини маълум қилган.

Шундан сўнг ДХХ ва департамент ходимлари тадбирни давом эттириб, А.И. талаб қилинган пулнинг 300 долларини аванс сифатида Х.Н. ва Р.Н.дан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳолат бўйича Х.Н., Р.Н. ва А.И.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Манба: Андижон | Kun.uz