Андижон 24

АНДИЖОНДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 28 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН БАЙРАМ ТАНТАНАСИ БЎЛИБ ЎТДИ (+ФОТОРЕПОРТАЖ)


30.08.2019   8151

Бугун Андижон чиройидан завқ олмаган, ғурурланмаган киши бўлмаса керак. Улуғнордан Хонободгача, Балиқчидан Булоқбошигача боғ, чаманзорларидан жаннат кўркини берувчи обод қишлоғу янгиланаётган шаҳарларида, ҳар лаҳзада равон бўлаётган кўчаю йўлларида -барчасида яхлит Андижон мужассам. Шундай ажойибу ғаройиб, гўзал ва обод диёрни севмай, қалбини бермай, ҳар тупроғию гўшасига жон ато қилмай бўладими?

Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ёзги амфитеатри пештоқидаги "Тўрт тараф гулларга тўлганбўстоним, меҳнати зафарли Ўзбекистоним!" шиори гўёки барчанинг дилидаги акс садо. Атрофдаги анвойи гуллар, эндигина оқшом чўкаётган борлиқ, сув юзидаги юлдузлар, андижонликлар бахту иқболини ифодаловчи алвон ранглар жилоси, порлаётган минглаб чироқларга боқиб шукроналик туйғуси кечади ҳар бир кўнгилдан.

Байрамда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан таклиф этилган меҳнат фахрийлари, давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медалларига сазовор бўлган ҳамюртларимиз, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, иқтидорли ёшлар ва ишлаб чиқариш илғорлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Даставвал вилоятимиз ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов шодиёна иштирокчилари ҳамда вилоятимизнинг барча аҳолисини Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги шодиёнаси билан самимий муборакбод этди.

Миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз, Андижоннинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, халқимиз, айниқса, истеъдодли ёшлар эришаётган ютуқлар, бунёдкорлик ва ободлик ҳақида тўлқинланиб гапирди:

- Бугунги байрам андижонликларга ўзгача шукуҳ ва кўтаринкилик бахш этмоқда.

Шу кунгача эришилган юксак марралар, қувончли натижалар, тараққиёт йўлидаги одимлар бир дебоча, дея таъкидлади.

Ўзбекистон Давлат Мадҳияси янгради. "Ниҳол" мукофоти совриндори Машҳурбек Раимжонов ижросидаги "Шодиёна"қўшиғи билан тантана бошланди. Оммавий саҳнадаМалика Ибрагимова, Теша Мўминов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Зуҳра Ашурова ва Фатҳулла Маъсудов сингари таниқли санъаткорлар томонидан Тўмарис, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодирабегим, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон каби тарихий сиймолар яна бир бор кўз олдимизда гавдаланди.

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан вилоятимиздаги 22 нафар меҳнат фидойисига Давлат мукофотлари топширилди. Намунавий мақом ансамбли бадиий жамоаси ҳамда "Ниҳол" давлат мукофоти совриндорлари Элдор Ғуломов ва Руҳшона Қўзиевалар томонидан ижро этилган "Йўл бўлсин", "Фарғона рубоийси", "Салламно"ашулалари янграганида бутун мажмуа аҳли жон дили билан жўр бўлди. Дастурда ҳарбийлар томонидан ижро қилинган марш қўшиқларида мардлик, жасорат ва чапанилик, йигитларга хос ғайрат намуналари ўз аксини топди. Болаларга бағишланган бўлим ҳеч кимни бефарқ қолдирмади - беғубор дамларни ёдга солди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов томонидан шоир Равшан Хамроз қаламига мансуб "Бургут" шеърида барча андижонликлар бургутга хос виқор, жасорат,мардлик туйғуларини ҳис қилдилар.Шунингдек, Андижон давлат филармониясининг раққоса қизлари, олий ўқув юртлари талабалари ва болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари томонидан шўҳ рақслар намойиш қилинди. Вилоят спортчиларининг кўргазмали чиқишлари ҳам ҳаяжонли кечди.

Айниқса, хонанда Маҳфуза Манниязова томонидан Замира Рўзиева шеъри билан ижро қилинган"Андижоним" қўшиғи барчани тўлқинлантириб юборди.Файзли оқшомда санъат усталари ва ёш эстрада юлдузларининг куй-қўшиқлари шодонолқишлар, рақсларга уланди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Алишер Файз, Улуғбек Раҳматуллае, хонандалар Умида Абдурасулова, Холмурод Холиқов, Нодира Йўлдошева қўшиқлари, "Оразибоп лазги"си барчани рақсга чорлади. Жаҳон операси намуналари маромига етказиб ижро қилинди.

Турли миллат вакиллари тинч, ҳамжихат гўзал ва бетакрор диёримизни обод этиш мақсадида яшамоқдалар. Байрам дастурида кўнгиллардаги орзу-умидлар яқинлиги, эзгу-мақсадлар уйғунлиги байналминал тарзда ифодасини топди.

Истиқлол байрами барчанинг кўнглига хушнудлик, фахр ва ифтихор бағишлади. Байрам шукуҳи диллардан дилларга кўчди. Жаннатмакон, осуда юртнинг концерт дастури катта мушакбозлик билан якунланган бўлса-да, "Тўрт тараф гулларга тўлган бўстоним, меҳнати зафарли Ўзбекистоним!" шодиёналари вилоятимизнинг барча қишлоқ ва маҳаллаларида, эркин, озод ва обод кўнгилларда давом этмоқда.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,

Хурсандбек АРАББОЕВ,

Рустамжон ЭШОНОВ

auz.uz online гуруҳи мухбирлари.