Андижон 24

АНДИЖОНДА ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУДИНИНГ 67 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛАР БОШЛАНДИ


26.04.2021   9388

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишланган маросимлар, одатда, катта адабиёт байрамига айланиб кетади. Бу галги тадбирларда ҳам айни анъана такрорланди.

Бугун эрта тонгдан шоир ва ёзувчилар, давлат ва жамоатчилик вакиллари, адабиёт ва шеър ихлосмандлари, талаба ва ўқувчилар Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги хиёбонга тўпландилар. Тантанавор, байрамона руҳда шоир ҳайкали пойига гул қўйилди.


Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, шоирнинг рафиқаси, “Олтин қалам” газетаси бош муҳаррири Назира Ас-Салом, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввара Усмонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Қамчибек Кенжа, шоир Шуҳрат Ориф ва бошқалар Муҳаммад Юсуфни хотирлаб, унинг инсоний жиҳатлари, ижодининг ўзига хос қирралари, айниқса, самимий шеърларининг навқирон авлодни китобга ошно этишдаги аҳамияти хусусида сўз юритдилар.

Кечада Муҳаммад Юсуфнинг шогирдлари, бир гуруҳ талабалар, ўқувчилар шоир шеърларидан намуналар ўқидилар.

Тадбир давомида вилоят ҳокимлиги томонидан Муҳаммад Юсуф сайланмасидан иборат икки минг нусха китоб адабиёт мухлисларига тақдим этилди.

Жойларда шоир хотирасига бағишланган тадбирлар давом этаётир.

Auz.uz онлайн гуруҳи.