Андижон 24

АНДИЖОНДА КОРОНАВИРУС ХАСТАЛИГИГА ЧАЛИНИБ, БУТКУЛ СОҒАЙГАНЛАР 84 ФОИЗНИ ТАШКИЛ ЭТМОҚДА(+ВИДЕО)


30.07.2020   6061

15 мартдан бошлаб Андижон вилоятида 976 нафар фуқаро коронавирус хасталигига чалинди. Уларнинг 40 фоизи “Дўстлик” халқаро божхона пости орқали қабул қилинганларни ташкил этади. Шифокорлар саъи ҳаракатлари билан беморларнинг 821 нафари, яъни 84 фоизи буткул соғайди. Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 155 бемор даволанмоқда. Тўрт нафарининг ҳолати оғир, 8 нафариники ўрта оғир, қолган 143 кишининг аҳволи қониқарли, деб баҳоланмоқда.

Вирус қайд этилган даврдан бошлаб биргина беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмади. Боиси инфекцияга чалинган инсонда сурункали соматик хасталиклар бўлган.

Мазкур рақамларни келтирар экан, вилоят ҳокими аҳолига яна бир бор мурожаат қилиб, хасталикнинг илк аломатлари сезилганда ўз ҳудудидаги поликлиника, ҚВП, ҚОП ёки “103” тез ёрдам хизматига мурожаат қилиш зарурлигини айтиб ўтди, зеро касаллик қанча эрта аниқланса, даволаш шунча осон кечади. Юқоридаги даволаш муассасалари барча шароит ва етарли даражада мутахассислар ҳамда ускуналарга эга.

Сўнгги беш кунлик статистика касалланиш кескин камайганини кўрсатмоқда. Янги аниқланган ҳолатлар аввалдан таҳмин қилинган ҳудудларга тўғри келиши вазият назоратда, вируснинг янги ўчоқлари пайдо бўлмаётганидан далолатдир.

«auz.uz» online гуруҳи.