Андижон 24

AНДИЖОНДА ҚАЙСИ МОБИЛ АЛОҚАНИНГ СИФАТИ ЯХШИ?


18.09.2020   774

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси республика ҳудудларида алоқа сифати бўйича мониторинг кузатувлари олиб бормоқда.

Эндиги навбат Aндижон вилоятига. Текширишлар шуни кўрсатяптики, баъзи ҳудудларда PERFECTUM телефон алоқаси умуман ишламайди. Демак, бошладик.

Aндижон шаҳри

Вилоят маркази бўлгани учунми, бундай муаммолардан нисбатан холи экан. (Бошланишига яхши кўрсаткич).

Хонобод шаҳар

Ушбу шаҳарга бормоқчи бўлсангиз, бораверинг, қайси компания алоқа операторидан фойдалансангиз ҳам, сизда муаммо бўлмайди.

Aндижон тумани

PERFECTUM компанияси бу ҳудудда барча мизожларини йўқотиб бўлган, ёки у ерда умуман мижози йўқ. Чунки Aндижон туманида PERFECTUM умуман ишламайди.

MOBIUZ эса йўқдан кўра бор, аммо ишлаши суст.

Aсака тумани

74 маҳаллали ушбу туман ҳудудида алоқа операторларининг деярли барчаси яхши ишлайди.

Балиқчи тумани

Ушбу туманнинг яримидан кўпида алоқа сифати қониқарсизлиги кузатилди. PERFECTUM алоқа оператори мижози бўлсангиз, тумандаги «Яккатол», «Серқуёш», «Баркамол», «Жасорат», «Туркистон», «Кўл бўйи», “Тумор, «Ботир» МФЙларига боришни маслаҳат бермаймиз, чунки бу компания шу ҳудудларда яхши ишламайди.

Ушбу туманда яшовчи юртдошларимиз ҳеч қачон MOBIUZ алоқа операторидан фойдаланмасалар керак, негаки бу ерларда алоқа умуман йўқ.

BEELINE ва UCELLнинг фаолияти эса мақтанарли эмас, афсуски.

Алоқа компаниялари буни инобатга олиб қўйсалар, яхши бўларди.

Булоқбоши тумани

Туманда барча алоқа компаниялари ишлаб турибди. Аммо қониқарлисидан, қониқарсизи кўп. UZMOBILE тумандаги «Тарлос», “Буюк Турон, «Чақар», «Фаровон», ва яна 12 та МФЙларида яхши ишламайди.

Тумандаги 37 маҳалладан 17 тасида BEELINE, 14 тасида PERFECTUM ишламайди.

UCELL алоқа оператори туманнинг барча маҳаллаларида ишлаб турибди. Аммо ҳаммасида алоқа яхши дея олмаймиз.

Бўстон тумани

UCELL бўстонликлар билан яхши муносабат ўрнатган кўринади барчасида алоқа сифати зўр.

MOBIUZ 25 та маҳалланинг 17 тасида ишлаш сифати суст. Қолган алоқа операторлари ҳарқалай ишлаб турибди.

Жалақудуқ тумани

PERFECTUM алоқа оператори нимагадир жалақудуқликлар учун умуман хизмат кўрсатмас экан. Ушбу мавҳумликка аниқлик киритишидан умидвормиз. Aммо қолган алоқа компаниялари фаолияти яхши.

Қўрғонтепа тумани

PERFECTUM бу туманга ҳам назар солмаган. 74 та маҳалланинг ҳеч бирида алоқа йўқ.

UZMOBILE 42 та, MOBIUZ 32 та , BEELINE 69 та, UCELL 46 та маҳаллада яхши ишламайди.

Олтинкўл тумани

BEELINEдан бошласак, олтинкўлликларнинг ҳам «ҳаётнинг ёрқин тарафида бўлиш»лари қийин кўринади. 55 та ҳудуддан 55 тасида яхши ишламайди!

UCELL 39 та маҳаллада суст ишлайди қолганларида ишлаб турибди. Aлоқа сифатига эътибор берсалар фойдадан ҳоли бўлмас эди.

UZMOBILE ва MOBIUZ барча маҳалла учун бирдек хизматда.

Улуғнор тумани

MOBIUZ , BEELINE ва PERFECTUM алоқа операторлари 21та маҳалланинг 17 тасида яхши ишламайди.

UCELL эса барча маҳаллада аъло даражада ишлайди.

Хўжаобод тумани

38 та маҳалладан ташкил топган ушбу туманда BEELINE ва PERFECTUM 10 та маҳаллада яхши ишламайди. Қолган компанияларнинг ишлаш сифати қониқарли.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоятлар бўйича мониторинг кузатувларини давом эттиради.

Азиза Хўжакелдиева,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бош мутахассиси

Манба: ЎзА.