Андижон 24

АНДИЖОНДА 6 АВГУСТДАН БОШЛАБ ОШХОНА, БУЮМ БОЗОРЛАРИ ВА МЕҲМОНХОНАЛАР ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ ҚАЙТА БОШЛАЙДИ


05.08.2020   2758

Андижон вилоятида 2020 йил 6 августдан бошлаб ошхоналар, буюм бозорлари, хусусий боғчалар, гўзаллик салонлари ҳамда меҳмонхоналар ўз фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов хабар берди.

Маълум бўлишича, 5 август куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда шундай қарорга келинган.

Вилоят ҳокими раҳбарлигидаги йиғилишда эндиликда санитария қоидаларига амал қилган ҳолда яшашга, ишлашга ўрганиш лозимлиги таъкидланган. Шунингдек, ҳоким карантин қоидаларини юмшатиш вақтини келганини, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига рухсат бериш учун эса соҳа мутахассислари томонидан талаблар ишлаб чиқилганини айтган.

«Андижон шаҳрида 10 та, Шаҳрихон, Қўрғонтепа ва Асака туманларида 2 тадан, қолган шаҳар ва туманларда 1 тадан махсус ишчи гуруҳ тузилган. Уларнинг асосий вазифаси тадбиркорларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, бир кун муддатда жойига бориб ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ва белгиланган санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя этилганлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг далолатнома расмийлаштиришдан иборат. Шундан кейин тадбиркорга фаолиятини бошлашга рухсат берилади. Кимда ким карантин қоидаларига амал қилмаса, уларга тегишли тартибда қонуний чоралари кўрилади», — деди вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Таъкидланишича, хусусий мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш, биноларни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион тўшаклар ҳамда дезинфекцион туннеллар билан жиҳозлаш кабилар белгилаб қўйилган. Бозорлар ва қурилиш савдо мажмуаларида ҳам ана шу каби талабларга қатъий риоя қилиниши кўрсатилган.

Сартарошхона ва гўзаллик салонларида хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан шахсий ҳимоя воситалари – тиббий халат, тиббий ниқоб, юзни тўлиқ тўсадиган ҳимоя ниқоби ва тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳолда «битта хизмат кўрсатувчи шахс – битта мижоз» тамойили асосида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ишлаши талаб этилади.

Манба: daryo.uz