ЖАМИЯТ

АНДИЖОНДА 555 ТА НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТИ ЛАРИ ФАОЛИЯТ ЮРИТМОҚДА


27.05.2021   972

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмасида ассоциацияси раҳбарияти ва унинг аъзолари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида соҳадаги тизимли ва долзарб муаммоларни ўрганиш, нодавлат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама этилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларининг миллий Ассоциацияси 2005 йилнинг май ойида таъсис этилган бўлиб, фаолиятининг асосий мақсади давлат ва жамият қурилишининг устувор вазифаларини амалга ошириш, эркин, очиқ ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда жамоат ташкилотларининг ташкилий ва интеллектуал ресурслари ҳамда саъй-харакатларини бирлаштириш ва мувофиқлаштириш ишларига қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сон Қарори ҳамда 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сон Фармони Ассоциация ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлди.

Ассоциация ўз фаолиятини асосан хотин-қизлар ва ёшлар, ҳуқуқий, экология, иқтисодиёт ва таълим, спорт-соғломлаштириш каби йўналишларда амалга ошириб келмоқда.

Бугунги кунда республиканинг барча ҳудудларида Ассоциациянинг ҳудудий бўлинмалари фаолият юритмоқда. Ҳудудий бўлинмалар, энг аввало, мамлакатни ижтимоий, социал-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ҳал этишда ННТлар салохиятини мустаҳкамлаш, давлат органлари билан самарали ижтимоий шериклик муносабатларни ривожлантириш ишларига муносиб хисса қўшиб келмоқдалар.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда вилоятимизда адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтган 555 та нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолият юритмоқда.

Учрашув давомида Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий комиссия раиси Ўктамжон Ахунов, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси раиси, Сенат аъзоси Матлубахон Ғаниева, Халқ депутатлари вилояти Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди директори Зардуна Исмоилова ҳамда вилоят адлия, молия бошқармалари масъул ходимлари соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича амалий таклиф, тавсия ва фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олдилар.

Мулоқотда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев иштирок этди.

ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси.