Андижон 24

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ҲОКИМЛИГИ: “ДАЧА ҚУРИЛИШИГА ҲЕЧ ҚАНДАЙ КОРХОНА, ТАШКИЛОТ ВА БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИ ХОДИМЛАРИ ЖАЛБ ЭТИЛМАГАН”


05.08.2019   2476

Кеча ижтимоий тармоқлар орқали “Андижон ҳокимлиги томонидан Хонобод шаҳрига вилоят ҳудудидаги хусусий корхоналар ва бюджет ташкилотларини жалб этиш бўйича акс эттирилган буйруқ” номли хабарлар тарқалди.

Андижон вилоят ҳокимлиги мақолада келтирилган ҳужжатларни сохта эканлигини билдиради. Вилоят ҳокимлигидаги ҳар бир ҳужжат, жойларга ижро учун юборилишидан олдин, рўйхатга олиниб, махсус дафтарга қайд этиб борилади. Бироқ мақолада кўрсатиб ўтилган “Хабарнома” ҳокимлик томонидан рўйхатга олинмаган ва қайд этиш дафтарчасида мавжуд эмас. Айнан 4 август куни Хонобод шаҳрида ҳеч қандай йиғилиш бўлиб ўтмаган, ҳеч қандай ҳашарчилар келиб мажбурий меҳнатга жалб этилмаган. Вилоят ҳокимлиги, ижтимоий тармоқларда тарқалган “Хабарнома”да вилоят ҳокими имзоси билан берилган хабарларни ёлғон деб билади ва уни бутунлай инкор қилади.

Дарҳақиқат, айни вақтда Хонобод шаҳрида 38 гектар майдонда бир вақтнинг ўзида 3 минг нафар мижозни қабул қилиш имкониятига эга бўлган 1000 та дала-ҳовли, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, миллий чойхона ва замонавий ресторанлар, спорт майдонлари, қўйингки, дам олиш учун зарур бўлган барча шароитлар эга туристик зонани барпо этиш учун бунёдкорлик ишлари қаторида ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида, электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ қувурларини тортиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда Хонтоғ ҳудудида қурилаётган 2 сотихдан иборат дала-ҳовлилар Андижон вилояти ҳудудидаги қурувчи ташкилотлар, тадбиркорлар ва ишбилармонларга ўз маблағлари эвазига, ўзлари истагидаги лойиҳалар асосида барпо этилмоқда. Бунинг учун ер участкалари Хонобод шаҳар ҳокимлиги томонидан ажратиб берилган. Шу боис мазкур қурилиш ишларига ҳеч қандай корхона, ташкилот ва бюджет ташкилотлари ходимлари жалб этилмаган.

Юқоридагиларга асосан бу каби уйдирма хабарлар, Андижон вилояти ҳокимлиги ва ҳокимини обрўсизлантиришга қаратилганини инобатга олиб, вилоят ҳокимлиги ушбу хабарни фейк ва ёлғон хабар деб қабул қилишиларини сўрайди.

Андижон вилояти ҳокимлиги Хонобод шаҳридаги қурилиш ишлари билан танишиш истагини билдирган республикамиздаги барча оммавий ахборот воситаси ходимларини, интернет журналистлари ва блогерларни Хонобод шаҳрига келиб қурилиш жараёнлари билан танишишга таклиф қилади. Яқин кунларда вилоят ҳокимлиги томонидан Хонободда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кенг оммага ёйиш мақсадида пресс-тур ташкил қилиниши кўзда тутилган.

Андижон вилояти ҳокимлиги ўз ҳудудида ҳар қандай мажбурий меҳнат аломатларига йўл қўймайди ва буни қатъий назорат остига олган.
Маълумки, Андижонда ташкилотларга юзлаб одамларни дача қурилишига олиб чиқиш буюрилганига оид шошилинч хабарнома ҳақидаги хабар билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Манба:xs.uz