ЖАМИЯТ

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ АҲОЛИСИГА ЙИЛ ОХИРИГА ҚАДАР ЯНА 9 МИНГТА ГАЗ БАЛЛОНЛАРИ БЕРИЛАДИ


16.09.2019   12433

«Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодир Эшмуродов Андижон вилоятининг чегара ҳудудларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, суюлтирилган газ баллонларини етказиб беришдаги муаммо ва камчиликларни ўрганиш юзасидан аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди.

«Ҳудугаз Андижон» жамияти матбуот хизмати раҳбари Акмалжон Ҳоликовнинг маълум қилишича, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод, Марҳамат туманларида бўлиб ўтган мулоқотларда аҳолини бугунги кунда суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласи, уларнинг эҳтиёжлари, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш ҳақида сўз борди. Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раҳбарлари аҳоли хонадонларида маиший газ баллонларидан фойдаланиш, табиий газдан оқилона фойдаланиш, уларни етказиб бериш ва уларни техник синовдан ўтказишдаги хизматлар ҳақида тўхталди.

- Бугунги кунда вилоятда 367 мингга яқин хонадонлар суюлтирилган газ истеъмолчиси ҳисобланади, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ бош директори Давронбек Салоҳиддинов. - Аҳолидаги мавжуд маиший газ баллонлар сони 548 мингтани ташкил этгани ҳолда, шундан 430 мингтаси газ таъминоти корхоналари томонидан тарқатилган. Жорий йилда вилоят эҳтиёждан келиб чиқиб қўшимча режага асосан яна 32 минг 841 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Очиқ мулоқотлар давомида андижонликларнинг яшаш шароитини янада яхшилаш, суюлтирилган газ етказиб бериш сифатини ошириш мақсадида вилоят учун қўшимча тўртта «ISUZU» юк машиналари ҳамда яна 15 мингта газ баллонлари берилиши билдирилди.