Андижон 24

АНДИЖОН ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ШУҲРАТБЕК АБДУРАҲМОНОВНИНГ ВИЛОЯТ АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ


27.03.2020   5440

Ассалому алайкум қадрли ҳамюртлар, ҳурматли Андижонликлар. Бугун Сизларга мурожаат қилишимдан мақсад бутун дунёнинг долзарб масалаларидан бири бўлиб турган коронавирус пандемияси Ўзбекистонга ҳам кириб келгани ва уни тарқалишини олдини олиш бўйича вилоятимизда олиб борилаётган ишлар ҳамда керакли чора-тадбирлар кўрилмокда.

Шу жумладан, Президентимизнинг топшириғига асосан Коронавирус инфекциясини тезроқ бартараф қилиш, карантин даврида фуқаролар хавфсизлигини ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида вилоят штаби ташкил этилган бўлиб, кечаю-кундуз 24 соат мобайнида ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Бугунги кунга қадар вилоятимизда короновирусга чалинганлик ҳолатлари кузатилмади. Белгиланган тартибда четдан кириб келган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб карантинга олинмоқда. Карантинга олинган фуқароларга барча шароитлар яратилиб доимий тарзда шифокорлар томонидан кечаю-кундуз назорат олиб борилмоқда.

Шунингдек, фуқаролардан белгиланган карантин қонун қоидаларига қатьий амал қилишлари, зарурат бўлмаса қарияларимизни доимий уйда бўлишлари, асоссиз равишда уйдан кўчага чиқмасликлари, таътилда бўлган азиз фарзандларимизнинг тарбиясига, уларнинг шахсий гигиенасига жиддий эътибор қаратишимиз ҳар биримизнинг асосий вазифамиз эканлигини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Вилоятимизда озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун шахсан ўзим бошчилигимда барча чоралар кўрилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси, прокуратура органлари, бозорлар уюшмаси ҳамда тадбиркорлар иштирокида ушбу жараёнлар алоҳида назорат остида эканлиги бугун барчамизга маълум.

Шу билан биргаликда, бугун, вилоятимизда озиқ-овқат заҳиралари етарли даражада мавжуд ва ушбу масалада ҳеч ким ташвишга тушмасликларини алоҳида сўраб қоламиз.

Шу ўринда кечадан бошлаб жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юрган фуқароларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида 223 000 сўм, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари 669 000 сўм миқдорида жарима қўлланила бошлади.

Ҳурматли фуқаролар ушбу кўрилган чоралар, албатта аҳолимизнинг саломатлиги ва осойишталигини таминлаш мақсадида олиб борилаётганлигини яна бир бор ҳис этиб ва қонун-қоидаларга қатъий амал қилишимиз зарур.

Азиз Андижонликлар!

Ўз вақтида қанчадан-қанча синовлар ва оғир кунларни бошидан кечирган халқимиз вазиятга тўғри баҳо бериб, ушбу синовларни ҳам мардонавор енгиб ўтишига ишонамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ.