Андижон 24

АНДИЖОН ШАҲРИДА ЗАМОНАВИЙ, ЯНГИ АВТОБУСЛАР АҲОЛИГА ХИЗМАТ КЎРСАТА БОШЛАДИ(+ВИДЕО)


23.06.2021   899

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами олдидан Андижон шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига транспорт хизмати кўрсатиш даражасини юксалтириш мақсадида “Алпомиш мероси” масъулияти чекланган жамияти томонидан Хитой давлатида ишлаб чиқарилган “Aziastar” русумли янги, замонавий автобуслар олиб келиниб, қатнов йўлга қўйилди.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами ва сифати тобора ортиб бормоқда, – дейди “Алпомиш мероси” МЧЖ таъсисчиси Акмалжон Нурматов. – Вилоят марказига янги автобусларнинг олиб келиниши ана шу ишларга бир мисолдир. Жумладан, келгусида корхонамиз томонидан яна 120 та худди шундай автобуслар келтирилиши режалаштирилган.

Айни кунда 70 нафар йўловчини ташиш имконига эга, кондиционер, видеокузатув камераси билан жиҳозланган, юмшоқ ва қулай янги автобуслар шаҳарнинг 1-рақам билан юрувчи “Аэропорт — Шаҳар касалликлар шифохонаси” йўналиши бўйича ҳаракатланмоқда. Йўл кира баҳоси минг сўм этиб белгиланган.

– Янги, замонавий автобуслар қатновининг йўлга қўйилганлиги, айниқса, биз кексалар учун қулай бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Соҳибахон Турсунова. – Чиқиб-тушиш осон, кенг, қулай ва ўриндиқлари юмшоқлиги, айниқса, кондиционер ўрнатилганлиги билан менга маъқул келди, қолаверса, йўлкира баҳоси ҳам арзон.

Андижонда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш тизимида олиб борилаётган бу каби ибратли ишлардан, яратилаётган қулайликлардан юртдошларимиз беҳад мамнун бўлмоқда.