ЖАМИЯТ

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги олдидан: ҲАЗРАТИМГА МАКТУБ


03.02.2021   1882

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги олдидан

Менинг ишхонам Сизнинг номингиз билан аталувчи кўчада жойлашган (Алишер Навоий кўчаси). Ҳар куни иш важидан Сизнинг номингизни ўн бор ёзаман, ҳар тонг машина тўхтатиб ишхонага келгунимча сизнинг исмингизни ўн бор такрорлайман.

Исмингиз билан бошланади куним… Бугун бу кўча яхшиларнинг саъй-ҳаракати билан ободлик кўчасига айланди. Ўзингиз асарларингизда орзу қилганингиз каби фаровонлик кўчасига айланди.
Буюклар башорати нақадар кучга эгалигини англадим. Зеро, машойихлар айтгани каби “Ҳақиқий шоирлар авлиёдирлар, ҳақиқий авлиёлар шоирдурлар”.

Ҳазратим, сиз халқнинг бахт-саодати, фаровон турмуши, келажаги учун курашган, умрини ва ижодини унга бахшида этган, эли ва юрти учун яшаб ижод қилган ҳақиқий шоирсиз. Тарихчиларнинг қайд этишича, Сиз ўз маблағларингиз ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 17 та масжид, 40 та работ, 10 та хонақоҳ, 9 та ҳаммом, 9 та кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурдирган ва таъмирлаттирган экансиз.
Бугун бу юртда кўчалар, маърифий даргоҳлар, ўқув юртлари, музейлар Сизнинг номингиз билан аталди.

Гўзал яшалган умрнинг давоми ҳам гўзал бўлишини шунда кўрдим. Руҳингиз шод бўлсин, илоҳим!

Аввалгиларга ўхшамас….

Замонлар ўтди….Лекин Ҳазратим ўша ўша….Одамлар ўзгарди…Лекин Ҳазрат Навоийнинг яшаш фалсафаси ва тириклик мезонлари ўша-ўша…
Ҳазрат айтадилар:

Ошиқ ўлдум панд берманг, чорам асбобин тузунг,

Ишқ зор этганга зулм этманг, тараҳҳум кўргузунг.

Дарҳақиқат, ошиқ бўлган қалбга озор бермоқлик золимларнинг иши, зеро машойихлар айтганидек: «Қалбга озор, Худога озор»… Қалб Яратганга тегишлидир…

Руҳим маюс тортади… Ўша маҳзун овоз билан ҳазратимнинг нидолари қулоғимда жаранглайди…

Кўнглим ичра дарду ғам аввалгиларга ўхшамас.

Ҳа, ҳатто ўз кўксингдаги ишқ, севганингга бўлган муҳаббат ҳам аввалгидек оташин эмаслигини англайсан… Замоннинг аниқ мезонлари, расмий йиғинларнинг адо бўлмас қарорлари, тирикчиликнинг ёқимсиз обу ҳавоси, елкангдаги юклари қалбинг ойнасига чанг бўлиб ўтириб қолганлигини англайсан одам….

Қалбингни покламоғинг керак, ювмоғинг керак…дейман ўзимга ўзим….Бу покланиш илмини эса фақат Ҳазратимдан ўрганиш мумкин….
Ҳамма саволларимга Навоий бобомдан жавоб топаман….
Ҳатто айрим ғайрати суст замондошларни кузатиб ҳам яна бобомнинг ҳикматларини эслайман. Улар айтадилар:

Тухм ерга кириб, чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқми,

Ипак қуртича ҳимматинг йўқми?

Бу сўзлар одамзотни ғайратли бўлмоққа ундайди. Яратгандан нолиб умр ўтказиш ўрнига ғайратни, шижоатни ишга солмоқликни уқтиради. Зеро шу бир неча лаҳзаларгагина ҳаётга келган ипак қурти ҳам ўтирган жойида ипакдек гўзал матонинг ашёсига айланадику...

Хулоса…

Ҳазрат асарларини фикри ожизиму, шу ғариб қувваи ҳофизам билан ўқиб тирикликнинг бобомиздан мерос учта қоидасини англадим:

– Ҳалоллик,

– Ғайрату шижоат;

– Дилга озор бермаслик.

Бу қоидалар балки Яратганнинг бандалари олдига қўйган вазифаларидир…. Нима бўлганда ҳам шу қоидалар (агар амал қилинса) одамни қалбан улғайтиради, камолга етказади, ўзини ўзига англатади.

Ҳофизни нолавор, ҳазин овози оҳанг билан уйғунлашиб руҳимни яна оҳанг селларида оқиради.

Чун Навоий кўнглини қилди гриҳ бир тори зулф,

Дўстлар, сарриштаи уммидни андин узунг.

Мен шу сўзлар оҳангида оқиб борарканман Ҳазратимдан ҳечам кўнгил узгим келмайди….Эргашиб кетавераман….Девонларга чўкаман, ғазалларга кўмиламан, ҳикматлар оҳангида сел бўламан….

Неажабким, Ҳазратимга эргашиб кетаверганим сари ўтмишга эмас, янаям олдинга, келажакка қараб юраётганимни сезаман….Ҳазратим унинг сўзларини уққан авлодни ўтмишдан туриб кузатаётганини, юрганида ёнидалигини, келажакда туриб кутиб олаётганини ҳис этаман…. Нигоҳларингиз учун рахмат Ҳазратим деб шивирлаб қўяман ўзимча…
«Умидни ондин узинг» Умид узгим йўқ…Қанийди шу гавҳарзор оралаб юраверсам, юраверсам….Ҳеч ким индамаса, ҳукм этмаса, чорламаса, иш…расмиятчиликлар безовта қилмаса…тирикчилик деган қўнғироқ бонг урмаса….юраверсам шу сўззорда….

Насиб этсаю Ҳазратимга яқин боролсам аввало шу узуқ йўлиқ номаларим учун, умримни тикиб ёзаётганим шу ғарибгина шеърларим учун, ўзимга ўхшаб тузсизроқ сўзларни ёзиб нон-туз топиб юрганлар учун узр сўрайман…Кейин ушбу ғазалларини ўқиб бераман:

Ошиқ ўлдум панд берманг, чорам асбобин тузунг,

Ишқ зор этганга зулм этманг, тараҳҳум кўргузунг.

Гулжамол АСҚАРОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

ЎзА