Андижон 24

АҚШНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЭЛЧИСИ РАСМИЙ ТАШРИФНИ АНДИЖОНДАН БОШЛАДИ


24.07.2019   9198

24 июль, чоршанба куни, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Америка қўшма штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва муҳтор элчиси Дэниел Розенблюмни қабул қилди. Бу ҳақда auz.uz мухбири хабар бермоқда.

Юқори даражада учрашув давомида вилоят раҳбари меҳмонга ташриф учун миннатдорчилигини билдириб, сўнгги йилларда президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар, вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, элчи жанобларини қизиқтирган саволларига жавоқ қайтарди.

- Элчи сифатида иш бошлаган кунимдан бошлаб, шу икки ой мобайнида Тошкентдан ташқарига биринчи бор чиқишим. Илк ташрифим айнан Андижондан бошланаётганлиги бежизга эмас. Бундай дейишимнинг боиси, аввалга фаолиятим давомида Қирғизистоннинг Жалолобод ва Ош вилоятларида бир неча бор бўлганман ва вилоятингиз ҳақида яхшигина таърифларни эшитганман. Вокзалдан то ҳокимликкача шаҳар кўчаларига назар солар эканман, халқингизнинг “минг марта эшитгандан бир бора кўрган афзал” деган сўзларига яна бир бор амин бўлдим. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам давом этади, - деди элчи учрашувда.

Қабул сўнггида вилоят раҳбари Дэниел Розенблюмни жорий йилнинг октябрь ойида Андижон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “Open Andijan” бизнес форумига таклиф қилди.

Маълумот учун, Дэниел Розенблюм АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида 2019 йил 9 май куни қасамёдга келтирилган. У 2014 йил июль ойидан 2018 йил июлига қадар Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё Бюросида Давлат котиби ёрдамчисининг муовини лавозимида ишлаган. Унинг вазифаси доирасига Марказий Осиёдаги бешта давлат – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон – билан АҚШ сиёсати ҳамда дипломатик алоқаларни бошқариш кирган. У Давлат департаментининг ушбу минтақадаги олтита дипломатик миссиясини қўллаб-қувватлаш, сиёсий ва дастурий устувор йўналишларни белгилашда иштирок этди ва тез-тез жамоатчилик вакили сифатида хизмат қилди. Ушбу лавозимнинг сўнгги йили давомида жаноб Розенблюм Бюронинг бутун минтақавий ва жамоатчилик дипломатиясига оид фаолиятини, шу жумладан, трансмиллий иқтисодий ва хавфсизлик масалаларини, таълим ва маданий алмашинувларни, шунингдек, Жанубий ва Марказий Осиёда оммавий ахборот воситалари билан мулоқот бўйича ишларни назорат қилди.

2008-2014 йиллар давомида Розенблюм АҚШнинг Европа, Евроосиё ва Марказий Осиёга кўмак бериш бўйича мувофиқлаштирувчиси бўлиб, ҳар йили 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган ташқи ёрдам буджетларини стратегик ва самарали тақсимлаш ва сарфлашни таъминлашга масъул бўлган. У ва унинг жамоаси 30 дан ортиқ мамлакатда иш олиб бораётган ўнлаб АҚШ давлат идораларининг саъй-ҳаракатлари, жумладан иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, демократик институтлар ва қонун устуворлигини таъминлаш, хавфсизлик сектори муассасаларининг салоҳиятини ошириш ва инсонпарварлик ёрдами орқали инсонлар машаққатини енгиллаштириш каби фаолиятини мувофиқлаштирган. Бундан ташқари, жаноб Розенблюм бошқа халқаро донорлар, жумладан, Европа Иттифоқи ва кўп томонлама ривожланиш банклари билан ҳамкорлик қилишда АҚШнинг асосий вакили бўлиб хизмат қилган.

Жаноб Розенблюм Йель университетида тарих фани бўйича бакалавр, Жон Ҳопкинс университетининг илғор халқаро тадқиқотлар факультетида советология ва халқаро иқтисод бўйича магистр унвонини олган.

Элчи жанобларининг Андижон бўйлаб ташрифи давом этмоқда.