Андижон 24

АКЦИЯ: КЎЧАТ ЭКДИНГИЗМИ?


28.02.2020   2437

Вилоятимизда 10 кунлик дарахт экиш “Эко акция”нинг эълон қилингани қалбларга баҳор нафасини олиб кирди. “Биз янги боғлар яратамиз!” шиори остида яратувчилик тадбирлари бошланди. Бугун кўчат экиш ҳар бир андижонликнинг қалб амрига айланди.

Бўстон туманида биринчи куни акцияда 7 минг киши иштирок этди. Тадбир соғлом турмуш тарзига қаратилган марафон билан бошланди. Ёшлар билан бир сафда турли ёшдаги фуқаролар белгиланган масофани жамоа бўлиб пиёда босиб ўтдилар.

Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бир-бири билан яқин тушунчалар. Экилган 18 минг туп манзарали, 13 минг туп мевали ва 2500 туп тут кўчатлари нафақат атроф-муҳитни зарарли газ ва чанглардан тозалайди, балки меваси билан дастурхонни тўкин этади.

Шу куни тумандаги “Мустақилликнинг 15 йиллиги” маҳалласи ҳудудида Ёшлар боғига асос солинди.

Улуғнорликлар чўл ҳудудида янги боғлар яратиш ташаббусини илгари сураётган бўлса, булоқбошиликлар аҳоли томорқаларидан тортиб кўп қаватли уйлар олдида ҳам яшил майдонлар ташкил этяпти. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимлари бу ҳаракатнинг фаол иштирокчисига айландилар. Уларнинг қарори яратувчилик ишларини Наврўз байрамига қадар уюшқоқлик билан давом эттириш.

Вилоятимиздаги деҳқон бозорлари ҳамда савдо комплексларидафойдаланилмаётган бўш майдонларга эътибор ортди. Энг сара кўчатларни харидорларга туҳфа қилиш борасида ўзаро беллашув бошланди.

Ўн кунлик “Эко акция” деб номлансада, аслида кўкаламзорлаштириш лойиҳасининг қамрови кенг. Қолаверса, эзгу ҳаракатни Наврўзга эл тараддуднинг бошланиши дейиш мумкин.

Акбаржон НАЗАРОВ.