Андижон 24

АГРАР СОҲАДАГИ ЯНГИ ТУЗИЛМА


23.05.2018   2066

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, ҳозирги вақтда дунёда 840 миллиондан ортиқ кишининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи тўла қондирилмайди. Албатта, бу рақам ўзгариб туриши табиий. Бироқ жаҳон аҳолисининг деярли ҳар саккиз нафарида бири шундай ҳолатда деганидир. Бундан ташқари, сайёрамизнинг 30 фоизидан зиёд аҳолиси тўлақонли равишда овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошидан кечирмоқдаки, буларнингбарчаси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш нақадар долзарб масала эканлиги яққол кўрсатиб турибди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тизими ижтимоий-иқтисодий вазият, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, агросаноат мажмуасинининг ривожланиши каби бевосита таъсир этувчи бир нечта жараёнлар билан узвий боғлиқ. Шу жиҳатдан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий сиёсатда муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлиш билан бирга, иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик ҳамда давлат мустақиллигининг асоссий шартларидан бири ҳисобланади.

Ана шу жиҳатлатни инобатга олган ҳолда инсон учун муҳим бўлган ресурслардан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, аграр соҳани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2018 йил 7 майда «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Бу ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат фаолиятини янги босқичга олиб чиқди.

Президентимизнинг 2018 йил 17 апрелдаги ПФ-5418-сон Фармонига асосан 2018 йил 1 августдан фаолияти тугатилаётган назорат идораларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворислик ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалари, функциялари ва ваколатлари Инспекцияга ўтказилади.

Инспекция Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимдан озод этиладиган бошлиқ томонидан бошқарилади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига ҳисобдордир.

Инспекциянинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа органлардан ишга қабул қилинган ходимларига даражали унвонлар бериш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан ҳал этилиб, даражади унвонларга эга бўлган инспекция ходимлари прокуратура органлари ходимлари ҳисобланади ҳамда уларга прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чоралари татбиқ этилади.

Инспекция бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимларининг чекланган сони 1 795 нафар этиб белгиланиб, ходимлар лавозимига олий ёки ўрта-махсус маълумотга эга (ҳуқуқшунос, агроном, иқтисодчи, молиячи, муҳандис ва бошқа) шахслар тайинланади.

Бундан ташқари, Инспекция ҳузурида «Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонаси ҳамда Агросаонат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-вқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш

ИНСПЕКЦИЯСИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ:

- қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва талабларига риоя этилиши ҳолати;

- пахта ва дон экинларининг уруғларини давлат томонидан буюртма қилиш, тайёрлаш, алоҳида қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши;

- қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини давлат буюртмасининг режали амалга оширилишига мувофиқ ҳажмларда шакллантириш бўйича талаблар бажарилиши;

- дон экинлари, пахта ва бошқа қишлоқ хўжилиги экинлари уруғлари, шунингдек, улардан қайта ишланган маҳсулотлар давлат ресурсларининг сифати, улардан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ҳамда нобудгарчилиги камайтирилиши таъминланиши;

- қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, аккредиция соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материаллариниг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича ишларнинг амалга оширилиши;

- қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, Инспекция зиммасига юклатилган вазифалар доирасида айбдор шахсларни қонун жужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиш орқали қонунчилик талабаларига сўзсиз риоя этилиши;

- сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши;

- идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларда чорвачиликда наслчилик ишлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларига риоя этилиши;

- қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг, уларнинг эксплуатация қилиниши, сифати самарадорлигининг, сервис ва таъмирлаш хизматларининг техник ҳолати устидан назоратни амалга ошириш;

- экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда дон экинлари, пахта хомашёси, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини мажбурий давлат текширувидан ўтказиш;

- ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш борасида комплекс ва чора-тадбирларни амалга ошириш;

- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш.

Шу билан бирга, жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳам белгилаб берилди. Унга кўра;

Марказ даромадларининг 20 фоизи; қишлоқ хўжалиги, озиқ-вқат хавфсизлиги ва сув истеъмоли соҳасида қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун Инспекция ваколатлари доирасида қўлланилган жарима санкциялари умумий суммасининг 40 фоизи;

Инспекция ходимлари томонидан солинадиган жарималарнинг 50 фоизи;

трактор, трактор прицеплари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, ўзи юрар машиналар, шунингдек қишлоқ хўжалик техникаларини кўрикдан ўтказиш, гувоҳномалар, рақам белгилари ва техник паспортлар бериш учун ундириладиган йиғимлар миқдорининг 80 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар ҳисобидан жамғарма маблағлари шакллантирилади.

Бир сўз билан айтганда, инспекция фаолиятининг йўлга қўйилиши қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча қонунлар ижроси устидан прокуратура органларининг доимий назоратини таъминлаб, аграр соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида ҳар томонлама пухта ўйланган ва узоқни кўзлаган сиёсат, ҳаётий дастурларинниг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Камолиддин ПАРПИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг вилоят бошқармаси бошлиғи