Андижон 24

9 июнь - Халқаро архивлар куни: Замон талаблари асосида


09.06.2018   1663

Вилоят давлат архиви, мана олти йилдирки янги, замонавий қўшимча сақловхона биносида фаолият олиб боряпти. Ходимлар учун қулай иш шароити яратиш, муассасада хавфсизликни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиш маданиятини янада ошириш мақсадида босқичма-босқич иш олиб борилмоқда. Зарур электрон ахборот коммуникациялари, маиший-техника жиҳозлари ўрнатиляпти. Кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилмоқда. Замонавий ахборот технологиялари коммуникацияларидан кенг фойдаланишга эътибор қаратиляпти. Архив ҳужжатларининг электрон нусхаларини яратиш ишлари давом эттирилмоқда. Уларни белгиланган меъёрлар бўйича сақланиши, «умри»ни узайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Қоғоз асосидаги асл нусхалар сақловини таъминлаш, яъни йиғма жилдларни таъмирлаш, муқовалаш, махсус картон қутиларда сақлаш ишлари режага мувофиқ йўлга қўйилган. Ноёб ва қимматли архив ҳужжатларини аниқлаб ажратиб олиш ва алоҳида сақлашга эътибор берилаётир.

Муассасамизда тажрибали, ўз касбига фидойи йигирмага яқин мутахассис меҳнат қилади. Уларнинг асосий фаолияти илмий маълумотлар банкини ташкил этиш ва режалаштириш, архив сақловидаги ҳужжатлардан юридик ва жисмоний шахсларнинг сўровларига асосан давлат хизматини кўрсатишга йўналтирилган. Фондлар ва ҳужжатлар ҳисоби, ҳужжатлар мавжудлигини текшириш, хулоса чиқариш, рўйхатлаш, хатловини ўтказиш, каталоглаштириш, олинган маълумотлар бўйича матбуотда нашр этиш ишлари ҳамиша эътиборда. Давлат сақловидаги Миллий архив фондини ташкил этувчи биринчи рақамли асосий жамлаш манбаларига 207 та давлат ва нодавлат ташкилотлари ажратиб олинган. Ҳозирда 707 та фондда 167 минг сақлов бирлигидаги архив ҳужжатлари мавжуд.

Жорий йилнинг биринчи чорагида корхона ва ташкилотлардан 449 сақлов бирлигидаги архив ҳужжатлари қабул қилиниб, сақловга қўйилди. Архив ҳужжатларининг ҳажми ва оқими йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш, экспертизациялаш ишлари қўламига жиддий ёндашишини талаб қилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, архив маълумотларини Давлат хизмати марказлари орқали берилишини кўзда тутилган. Буни инобатга олиб, кўрсатилаётган архив хизматларини тезкор ва сифатли тақдим этиш мақсадида, мавжуд техник базалардан фойдаланишга жиддий ёндашиляпти.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 11 апрелда имзолаган «Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида архив иши ва иш юритиш соҳасидаги фаолиятимизга танқидий баҳо берилди ва янада фаоллик билан ишлашимиз талаб қилинди.

Шу боисдан соҳамизга доир эскирган усуллардан тезроқ воз кечиб, архив иши юритилишини ислоҳ қилиш зарурати юзага келмоқда. Фаолиятимизни таҳлил қилиб, архив ишини янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тўсиқ бўлаётган тизимли камчиликларни аниқлаб олмоқдамиз. Ҳар бир камчиликни босқичма-босқич бартараф этиш бўйича мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, асосли таклифлар асосида режалар белгиланяпти.

Архив хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган, қоғоз шаклида сақланаётган маълумотларнинг электрон базаларини шакллантириш ва идоралараро электрон ҳамкорликка қўшилиш орқали босқичма-босқич рақамли кўринишга ўтилади.

Мутахассисларимизнинг электрон ахборот технологияларини ўзлаштириш ва қўллашдаги билим салоҳиятларига суянган ҳолда, келгусида архив иши ва иш юритилиши замон талаблари даражасига кўтарилади.

А. Ҳамидов,

вилоят давлат архиви директори.