Андижон 24

530 ТА ҚОИДАБУЗАРЛИК


01.06.2018   1866

530 та қоидабузарлик бир соатда аниқланди

Йўл-транспорт ходисаларини олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда содир этилган қоидабузарликларни аниқлаш мақсадида жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб Андижон шаҳрининг 7 та чоррахасида светофорларга ўрнатилган кузатув камералари ишга тушди.

Эрталаб соат 9.00дан иш бошлаган автоматлаштирилган бошқарув тизимидаги камералар томонидан атиги бир соат мобайнидасветофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаслик, йўл чизиғи талабларига риоя этмаслик, қарама-қарши ҳаракатланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш каби 530дан зиёд қоидабузарлик қайд этилди.

Қайд этилаётган ҳолатлар вилоят ички ишлар бошқармаси навбатчилик қисмида ташкил этилган бошқарув тизимига фото ва видео тасвирлар орқали "Online" равишда етказиб берилмоқда. Маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг ягона маълумотлар базасига юборилиб, у ерда жарима солиш тўғрисидаги қарор автоматлаштирилган тартибда шакллантирилмоқда ва"Ўзбектелеком" АКнинг махсус алоқа каналига жойланмоқда.

Аниқланган қоидабузарликлар учун белгиланган жарималар олтмиш кун мобайнида транспорт воситаларининг эгалари томонидан тўланиши белгиланган бўлиб, агарда ўз вақтида тўланмаса ундирув Мажбурий ижро бюросининг худудий бўлимларига оширилади. Шунингдек, жарималарни ўз муддатида тўламаган фуқаролар қўшимча жаримага тортилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, кузатув камералари шаҳримизнинг Машраб - Лермонтов, Бобур - Амир Темур шоҳкўчалари, Навоий шоҳкўчаси - Миллий тикланиш, Ўзбекистон - Фитрат, Ўзбекистон - Бобур шоҳкўчаси, Бобур шоҳкўчаси - Ю. Отабеков, Чўлпон шоҳкўчаси - Мустақиллик чоррахаларида ўрнатилган.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ.