ЖАМИЯТ

4 МИНГДАН ОРТИҚ ХОНАДОНЛАРДАГИ ГАЗ ЖИҲОЗЛАРИ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛДИ


04.06.2021   516

Андижон тумани “Бахт” МФЙ “Бунёдкор” кўчасида истиқомат қилувчи Назирахон опа Парпиева бугун газ соҳаси ходимларининг меҳнат ва эътиборидан мамнун. Дастлаб, опа хонадони учун сотиб олган 4 комфоркалик газ плитасини ўрнатишда ва созлашда ҳудуд чилангари Бахтиёр Ғанижоновдан ёрдам сўради. Бахтиёржон ҳам қўли кўксида, хоп дея, опага газ плитани ўрнатиб берди. Сўнгра, опага газ хўжалигидан фойдаланиш қоидаларини тушунтириб берди.

“Мен кўп қаватли уйда ўтирсам ҳам, табиий газдан фойдаланишни ўзига хос қоидалари борлигидан бехабар эдим, - дейди истеъмолчи Назира Парпиева. - Газ плитани ўрнатдик. Энди унга ҳавони сўриб олувчи мослама, вентиляцион канал ўрнатиш керак экан. Шунингдек, деразага яқин бўлгани учун пардаларни ҳам олиб ташлашни айтишди. Газ плитамга яқин турган мебелни ҳам ўрнини ўзгартирадиган бўлдим...”

Бугунги кунда тумандаги 46 753 та таиий ва суюлтирилган газ истеъмолчилари хонадонларида “Andijontumangaz” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан 60743 та уй ичи газ жиҳозлари хатловдан ўтказилган. Мавжуд газ жиҳозларининг 34448 донаси табиий газ истеъмолчилари ҳиссасига тўғри келса, 30564 таси суюлтирилган газ истеъмолчилари хонадонларида жойлашган.

“Шу кунга қадар 4 мингдан ортиқ хонадонлардаги 9 248 дона газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилиб бўлинди. Мавжуд жиҳозларимизни 36 мингдан ортиғи 2 комфоркали, 9511 донаси уч ҳамда 16021 таси 4 комфоркали газ плиталари ҳисобланади. Шунингдек, 12 874 та иситиш печлари, 216 та иситиш қозонлари ва 2424 та ҳаммомлар бўлиб, йил сўнггига қадар барча жиҳозларни техник кўрикдан ўтказишни мақсад қилганмиз, - дейди тумангаз уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Зайнобиддин Тўраев.

Бугун 13 нафар чилангар ва мутахассислари айни кунларда хонадонма-хонадон юришиб, газ жиҳозларини техник кўрикдан ўтказишмоқда. Техник кўриклар мобайнида истеъмолчиларга газ хўжалигидан фойдаланиш қоидалари, стандарт горелкалардан фойдаланиш, истеъмолчи хавфсизлиги ҳақида тушунча ва тавсиялар бериб борилмоқда.

“Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали матбуот хизмати