Андижон 24

1 ОКТЯБРДАН ЭСКИ АВТОМОБИЛНИ САЛОНГА ТОПШИРИБ, ЯНГИСИНИ СОТИБ ОЛИШ МУМКИН БЎЛАДИ


25.07.2019   972

Ўзбекистонда 2019 йил 1 октябрдан харидорлар томонидан илгари фойдаланилган ўзларига тегишли автотранспорт воситаларини расмий дилерга топшириш ҳамда улар қийматидаги фарқни тўлаш орқали маҳаллий автомобилларнинг янгисини харид қилиш имконини берувчи“TRADE-IN” дастури татбиқ этилади. Бу Ўзбекистон Президенти имзолаган автомобиль саноатини жадал ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорда кўзда тутилган.

“TRADE-IN” дастури доирасида қуйидагилар белгиланди:

а) расмий дилер томонидан жисмоний шахсларнинг илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларини сотишда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш учун қўшилган қиймат солиғи суммасини ўз ичига олган сотилаётган объектнинг сотиш нархи билан баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқ солиққа тортиш базаси бўлиб ҳисобланади;

б) расмий дилерлар томонидан амалга ошириладиган қуйидаги олди-сотди шартномаларига нисбатан мажбурий нотариал расмийлаштирув татбиқ этилмайди:

белгиланган шаклдаги ҳисоб-маълумотномаларни харидорга бериш тартибини жорий этиш орқали илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларига;

маҳаллий ишлаб чиқарувчи заводларнинг расмий дилерларидан сотиб олинган янги автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларига;

в) расмий дилерлик ташкилоти томонидан илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун уларни Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатдан ўтказиш вақтида йиғим тўланмайди.