Андижон 24

ЖУРНАЛИСТИКАДА МАХСУС СИРТҚИ БЎЛИМГА ЭҲТИЁЖ БОР


07.07.2020   1570

Олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш жараёни бошлангандан то шу кунга қадар ҳузуримизга 10 дан ортиқ таниқли журналист ташриф буюрди.

Бир-биридан бехабар, аниқроғи, бировга дардини айтишни истамаган ҳамкасбларимиз билан бўлиб ўтган суҳбатлар бизни ғоят ҳайратлантирди, ажаблантирди. Биз уларни яхши билмас эканмиз. Уларнинг барчаси билан фақат бир мавзуда суҳбатлашдик.

Мавзу масаласига қизиқяпсизми? Қизиқинг. Қизиқмасангиз бўлмайди!

Маълум бўлишича биз билган, ҳурмат қилган, эл-юрт таниган ўша журналистларнинг ҳаммаси шу пайтгача бирор олий даргоҳда таҳсил олишмабди. Очиғи, уларнинг олий маълумотли эмаслиги шахсан бизнинг хаёлимизга сиғмади. Бизни ҳозир ҳам шу туйғу тарк этмади. Ҳануз уларнинг олий маълумотли эмаслигини тасаввур қилолмаяпмиз. Лекин бу – факт! Атрофимиздаги 10 дан ортиқ журналист ҳужжатсиз. Қойил қоладиган жиҳати шундаки, уларнинг фаолияти ҳозиргача бирор кишида ҳужжат масласида савол туғдирмаган.

Орадан йиллар ўтиб турли сабабларга кўра олий маълумот ололмаган ҳамкасб журналистларнинг шогирдлари аста-секин университетларни тамомлаб қайтишмоқда. Қарабсизки, устозда ҳужжат йўқ, шогирд олий маълумотли.

Ғалатими? Албатта, ғалати! Ижод оламида яшаётган ва ҳамон ҳужжатсиз ибратли фаолиятини давом эттираётган устозларга мавжуд руҳий босимни енгиб ўтиш осон бўлмаётгани аниқ. Бугун улар бизнинг атрофимизда 10 нафардан ортиқ. Ишончимиз комилки, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бу каби қисмат эгалари оз эмас. Биз шундай даврни босиб ўтдик ва бу даврда қанча-қанча истеъдодлар олий маълумот олиш имкониятидан бебаҳра қолишди. Энди замон ўзгарди. Янги замон ичра инсон энг улуғ қадрият сифатида эъзозланмоқда. Олий ўқув юртларида сиртқи ва махсус сиртқи каби бўлимларнинг ташкилланиши шу эъзознинг бир кўринишидир.

Яқинда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт университети ректори билан ўтказилган мулоқотга кўзимиз тушди. Мулоқотда ректор махсус сиртқи бўлимга қабул қилинувчилар учун мўлжалланган синов жараёнини кундузги ва сиртқи бўлим синовлари билан тенглаштирмаслик лозимлигини айтди.

Ректор яна айтдики, махсус сиртқи бўлимга ўз соҳаси бўйича узоқ йиллар ишлаган, амалиётда ўзини кўрсатган, малакали лекин олий маълумотга эга бўлмаган мутахассислар қабул қилинади. Бу мутахассисларга қайсидир фандан тест синовни топшириш талабини қўйиш адолатсизликдир. Фарзандлари ва шогирдлари қаторида тест синови топшириш улар учун руҳий жиҳатдан машаққат ва имконсиздир. Шунинг учун Жисмоний тарбия ва сопорт университетида махсус сиртқи бўлимга қабул қилинувчилар учун алоҳида синов талаблари ишлаб чиқилибди.

Юқоридагиларни ёзишдан мақсадимиз аёнлашди, назаримизда. Демоқчимизки, тажрибали, аммо олий маълумот эгаси бўлмаган журналистлар учун ҳам махсус сиртқи бўлимлар ташкиллаш пайти келди. Уларнинг олий таълим олиши жамият ҳаётини ёритиш ишларида катта ижобий ўзгаришлар ясайди. Фақат қабул жараёнида уларнинг салоҳиятини ҳисобга олиб махсус синов талаблари ишлаб чиқилса ва уларга қулайлик, енгилик яратилса бас!

Муҳаммад Вали

Манба: yuz.uz