Андижон 24

ЖАЛАҚУДУҚДА ТУҒРУҚ КОМПЛЕКСИ ИШГА ТУШДИ. БИРИНЧИ КУНДАЁҚ ТЎРТ ЧАҚАЛОҚ ДУНЁГА КЕЛДИ


30.08.2019   2243

29 август, пайшанба куни капитал реконструкция қилиниши орқали замонавий қиёфа касб этган 90 ўринли Жалақудуқ туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфига қарашли туғруқ комплекси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда “auz.uz” мухбири хабар бермоқда.

Очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳалар сингари соғлиқни сақлаш тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, натижада аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш савияси юксалганини қайд этди.

Туғруқхона бўлими мудири Гулчеҳрахон Исманованинг маълум қилишича, мазкур комплекс биноси 1982 йилда қурилган бўлиб, сўнгги йилларда таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Жиҳозлар ҳам бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермасди. Ходимлар учун ҳам, даволанувчилар учун ҳам шарт-шароитлар етарли эмас эди. Давлатимиз раҳбарининг соҳага бўлган юксак эътибори туфайли комплексимиз инвестиция дастурига киритилди.

Умумий лойиҳа қиймати 5 миллиард 700 миллион сўм бўлган қурилиш-таъмирлаш ишлари “Милано сервис” масъулияти чекланган жамияти корхонаси қурувчилари томонидан сифатли ва ўз муддатида якунланди. Бино бутунлай замонавий ва кўркам ҳолатда таъмирланиб, хоналар энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан таъминланди. Натижада туғруқларни кўнгилдагидек кечиши, гўдаклар парвариши учун зарур барча шароитлар яратилди.

Бутунлай янги қиёфага эга бўлган мажмуа оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги янада юксалишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

- Шу ерда деярли қирқ уч йилдан бери фаолият олиб бораман, - дейди комплекс дояси Муқаддас Мажидова. – Ишонасизми, бугунгидек шароитларни орзу қилиб яшаганмиз. Керакли анжомларни топиш ҳам амри маҳол эди. Шароитлар оғир бўлгани учун ишлагимиз келмасди. Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар сабабли ўткан кунларимиз ортда қолди. Шу ёшда ҳам ишлашга бўлган иштиёқимиз ортса ортди, лекин тушмади.

Шифокорларнинг хабар беришича, комплекс ишга тушган илк кунда Шаҳноза Нишонова, Гулмира Азизова, Муаззам Ҳамидовалар қиз ва Чинора Турдиева ўғил фарзандни дунёга келтиришган ва чақалоқлар янгиланган мажмуанинг илк меҳмонлари бўлишган.