Андижон 24

ЁНҒОҚНИНГ ПЎСТЛОҒИ ЭМАС, МАҒЗИ АФЗАЛ


03.05.2018   1561

Бугун ота-оналар орасида фарзандини компьютер, телефон ва бошқа қимматбаҳо замонавий технологиялар билан сийлаш баробарида, улар бу "мўъжиза"лардан қандай мақсадларда фойланаётганини назорат қилмайдиганлар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Айрим ёшлар телефонидаги ёзувлар, видео тасвирларга кўзингиз тушганида ҳайрат ва ҳаёдан терга ботасиз. Маънавиятли одам учун бу чиндан ҳам аҳлоқсизлик, фожеа.

Жамоат транспортида кўп юраман. Ўриндиқларда қулоқчин тақиб, бошини муқом билан ликкиллатиб кетаётган йигитлар, қизлар кўп. Биров атрофга назар ташлиб, ёши улуғларга жой берай, демайди. Гўё ҳаммасининг кўзи кўр, қулоғи кар. Шапалоқдай келадиган телефон экранига беихтиёр кўзингиз тушади. Ярим ялонғоч санъаткорларнинг жилпанглаб шақир-шуқур «қўшиқ» айтишлари, улар ҳақидаги миш-мишлар оқими, турли офатлардаги одамларнинг талвасада жон бераётгани... Бу ҳам майли-я, ахборотларни қаранг: «Энг узун бўса», «Сизга эҳтиросли лаблар керакми, ботекслар бор» ...хуллас, у ёғи ўзингизга аён.

Ижтимоий тармоқларнинг афзаллиги шундаки, ахборот олиш, тарқатиш, биронинг кўнглини овлаш, дўстлар билан суҳбатлашиш, тез ва осон алоқага киришиш имкони бор. Тўғри, бугун салбий таъсирлар ҳақида оммавий ахборот воситалари бонг уряпти. Аксарият фикрлар асосли, долзарб. Тан олиш керакки, ёшлар орасида тобора оммалашаётган ижтимоий тармоқлар ғараз ниятли айрим кимсаларнинг манфаатига хизмат қиляпти. Улар ёт ғояларни тарғиб қилишга интилишмоқда. Алдовларга учиб оиласи, ҳаёти барбод бўлаётганлар қанча?! Ҳали ақлини таниб улгурмай виртуал оламга муккасидан кетган ўсмир бора-бора реаллик ва хаёлот чегарасини йўқота бошлайди. Айрим сайтлардаги чорловлар инсоннинг феъл-атвори, ҳаётий қадриятлари, дунёқараши, керак бўлса, келгуси тақдирига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Айтайлик, ижтимоий тармоқларда бировни калака қилиб, шаънига номуносиб гапларни айтиш, беҳаё суратларни жойлаштириш, бегона аёл ёки эркак билан интим мавзуларда суҳбатлашиш каби ҳолатлар жамиятдаги маънавий инқирозни англатади. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Ҳозирги кунда оммалашаётган ижтимоий тармоқлар чет элда яратилган ва ўша ердан туриб бошқарилади. Уни тартибга солиш, назорат қилиш имкони йўқ. Шуларни ҳисобга олиб, ўзимизнинг миллий ижтимоий тармоқларимизни ривожлантиришмиз керак. Ножоиз фикр ва сўзга қарши дастурларни жойлаштириш, одобсизлик қилаётган фойдаланувчига танбеҳ бериш тизими зарур. Тўғри, интернет - улкан илм манбаи. У ёнғоққа ўхшайди. Ундаги пўстлоқни эмас, мағзини ситеъмол қилиш қайсидир маънода фойдаланувчининг савиясига боғлиқ.

Тобе бўлиб қолмасликнинг ягона йўли инсон иродасини мустаҳкамлашдир. Ҳар бир фойдаланувчида ички маданият бўлмоғи лозим. Ёшлар атрофда рўй бераётган воқеаларда лоқайд бўлмаслиги керак.

Иродахон

Қаюмова,

Андижон индустриал-педагогика коллежи ўқитувчиси.