Андижон 24

ЁНҒИН ЎЧИРИШ МАШИНАСИ НЕГА ВАҚТИДА КЕЛМАЙДИ?


20.07.2018   1942

Айрим ҳолларда ёнғин ўчириш машинаси воқеа жойига вақтида етиб келмади, деган гап-сўзларни эшитиб қоламиз. Аслида ўт ўчирувчилар хабарни олишлари биланоқ айтилган манзилга қараб йўл оладилар.Масофанинг узоқ – яқинлигини ҳисобга олиш керак.

Шу ўринда манзилга дарров етиб боришга тўсқинлик қиладиган айрим холатларни ҳам айтиб ўтиш жоиз. Биринчиси - «101» га вақтида хабар бермаслик. Уйи куйганлар ўзимиз ўчириб оламиз, деган ўйда мустақил ҳаракат қилишга тушадилар ёки ўзлари ҳам ёнғинни кечроқ билиб, сўнгра хабар берадилар.

Иккинчиси - диспетчерлик қисмига манзил тўғри айтилмайди ва телефон рақамини ҳам бермайди. Бошқа йўлдан кетган ўт ўчириш машинаси излаб, узоқ сарсонгарчиликдан сўнг топиб, етиб боради.

Учинчи сабаб - ҳаммамизга маълум: йўлдаги тирбандликлар, махсус автомашинага йўл бермаслик ҳоллари. Айрим шошқалоқ ҳайдовчиларнинг бировнинг уйи куяётгани билан иши йўқ.

Яна бир сабаб – ишхона ва уйлар атрофидаги сунъий тўсиқлар. Ўзимиз яратамиз, кун келиб ўзимизга панд беришини тушунмаймиз, тушунишни истамаймиз. Айниқса кўп қаватли уйлар олдидаги ноқонуний қурилмалар, йўлларга темир қозиқларнинг қоқилиши, бетон тўсиқларнинг ўрнатилиши ўт ўчирувчиларнинг узоқ вақтини олади.

Энг аввало, ҳеч кимнинг уйида ёнғин чиқиб, эски тўшаги ҳам ёнмасин. Лекин ёмонини ўйламасанг, яхшиликнинг қадрига етмайсан, деганларидек содир бўлган ёнғинларни барвақт даф қилиш учун юқоридаги камчиликларимизни бартараф этайлик.

Нурбек Мамарасулов,

Шерзодбек Тешабоев,

Олтинкўл ҳамда Избоскан туманлари

ЁХБ катта инспекторлари.