Андижон 24

ЁНҒИН 40 ДАҚИҚАДА ЎЧИРИЛДИ


15.06.2019   1137

Андижон шаҳрининг Ёйилма маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли тўрт қаватли1-уйда бугун эрталаб ёнғин содир бўлди. Олов ўчоғи уйнинг том қисмига тўғри келди. 64 хонадонли мазкур уйда таҳминан 150-160 нафар аҳоли истиқомат қилади. Воқеа гувоҳлари ходисани қуйидагича таърифлайдилар.

Жамила Отабоева, шу уйда истиқомат қилувчи фуқаро:

- Эрталаб фарзандим билан пастдаги гулхонани ободонлаштиришга киришган эдик.Шунда томдан бурқсаб тутун чиқаётганини кўриб қолдим. Дарҳол ёнғин хавфсизлиги хизматига қўнғироқ қилдим. Ўт ўчирувчилар, ҳокимият вакиллари етиб келишди. Ёнғин тезда бартараф этилди. Андижон шаҳри ҳокими шу уйда истиқомат қилувчилар билан суҳбат ўтказиб, том давлат ҳисобидан янгилаб берилишини айтди.

Муҳаббатхон Қодирова, “Аслзода” ширкати раиси:

- Албатта, қаттиқ ҳаяжондамиз, аммо аҳоли ўртасида ҳеч қандай талофат йўқ. Тез ёрдам машиналари зудлик билан етиб келиб мурожаат қилганларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишди. Олов хонадонларга туташиб кетмади. Хатто ҳонаки қуш - тўти ва канарейкаларимизни ҳам олиб чиқишга улгурдик.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, подполковник Жасурбек Каримовнинг маълум қилишича, ёнғин ҳақидаги хабар навбатчилик қисмига соат 09.10 да келиб тушган ва зудлик билан ҳодиса жойига жами 12 та, 10 та асосий ва 2 та махсус ўт ўчириш автомобиллари жалб этилган. Биринчи машина ҳодиса жойига 09.17 да етиб борган. Ўт ўчирувчилар томонидан қуршовга олинган ёнғин 35-40 дақиқаларда бутунлай бартараф этилган. Мазкур ёнғинда ҳалок бўлган ёки жароҳатланганлар йўқ. Аҳоли хонадонларига ёнғин туташмаган.

Дастлабки таҳминларга кўра, ёнғин электр симининг қисқа туташувидан келиб чиққан. Унинг натижасида 500 квадрат метр том қисми зарар кўрган.

Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг сўзларига кўра, ёнғин бартараф этилгач бир соат мобайнида том ёғоч, тунука қолдикларидан тозаланди. Янги қурилиш материаллари етказиб келинди. Бешта пудрат ташкилотидан 250 нафар ишчи жалб қилинди. Барча ҳаражатлар маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланади. Бир ҳафта мобайнида том қайтадан ёпилиб, янгиланади.

«auz.uz» online гуруҳи.