Андижон 24

Яшил макон - 2023: АНДИЖОН ЯҚИН ЙИЛЛАР ИЧИДА ЮРТИМИЗНИНГ ЭНГ ЯШИЛ ВА БАҲАВО ҲУДУДИ БЎЛАДИ


18.10.2023   597

Юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларнинг олдини олиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш заруратга айланди. Президентимиз рaислигидa 11 октябрь куни туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаумуммиллий лойиҳа доирасидаги ишлар кўриб чиқилди. Мавжуд ҳолатлар танқидий таҳлил қилиниб, устувoр вaзифaлaр ва чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилди.

Юртимизда бу ҳаракат бошланганига 2 йил бўляпти. Шу даврда 1 минг 200 гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилди. Умуман, жамиятда, масъулларда дарахтга нисбатан муносабат ўзгарди. Дарахт ва бута кўчатлар экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш кўзда тутилган.

Республикамиз бўйлаб 25 октябрдан 1 декабргача “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди. Бугун Андижонда вилоят ҳокими бошчилигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига старт берилди. Бу мавсумда 85 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган.

ЭНГ КЎП ДАРАХТ АНДИЖОННИНГ ҚАЙСИ ТУМАНИДА ЭКИЛАДИ

Ушбу ташаббус доирасида вилоятимизда ҳам дадил қадамлар ташланмоқда. Юртни яшил ҳудудга айлантириш борасида илгари йўл қўйилган камчиликларни такрорламаслик зарур. Экиладиган ҳар бир дарахтнинг тақдирига бефарқ бўлсангиз, уринишларингиз зое кетади.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида аввало, дарахтларнинг эгаси бўлиши, кўчатларни етиштириш, уларни экиш ва парваришлаш, тизимли суғориш ишларида масъуллар белгилаш борасида аниқ ва манзилли вазифалар белгилаб олинди. Яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик ҳолатни яхшилаш бўйича ҳудудлар кесимида “Яшил майдон” ва “Яшил жамоат парклари” ташкил этилмоқда.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил куз мавсумида 6 млн. 550 мингта кўчат экиш ишлари режалаштирилган.

Жумладан, умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари ёқасига, қишлоқ хўжалиги ерларида ихота дарахтзорлар барпо этиладиган ва ўрмон фонди ерларига, ижтимоий соҳа объектлари, корхоналар ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳудудларига, туман (шаҳар)лардаги ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги ҳудудлар ва объектларга, маҳаллалар ҳудудларига кўчат ўтқазиш ишлари бошлаб юборилди.

Шунингдек, боғ, ток ва тутзорлар барпо этиш, атроф-муҳитга таъсир хавфи бўйича 1 ва 2 тоифага кирувчи йирик саноат корхоналар ва уларга туташ ҳудудлардаги “яшил белбоғ”лар ҳудудларини янада кенгайтириш борасида ҳам ҳаракатлар кетяпти.

Биласизми, “Яшил макон” лойиҳасининг бу мавсумида вилоятимизда энг кўп дарахт кўчатлариПахтаобод туманида экилиши кўзда тутилган. Яъни 478,1 минг туп. Қўрғонтепаликлар ташаббускорларнинг иккинчи қаторида турибди. Улар 472,1 минг дона манзарали, мевали дарахт бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экишни режалаштирган.

Гўзал табиати, ям-яшил арчалари билан доимо ўзига мафтун этувчи Хонобод шаҳри ҳудудий жиҳатидан кичик бўлишига қарамай, бу ерда кузги мавсумда 255,4 минг туп кўчат ерга қадалади.

МАВСУМДА ҚАНДАЙ ДАРАХТ КЎЧАТЛАРИ ЭКИЛМОҚДА?

“Яшил макон-2023” лойиҳасининг кузги мавсумида вилоятнинг иқлим шароитига мос келувчи 34 хилдаги яъни арча, павлония, каштан, қайрағоч, қарағай, чинор, япон сафораси, терак узум, шумтол ва бошқа мевали ва манзарали кўчатлар экилиши режалаштирилган.

Жумладан: каштан 46,5 минг туп, лола дарахти 8,6 минг туп, липа дарахти 0,5 минг туп, оққайин 1,9 минг туп, эман (дуб) 9,7 минг туп, япон сафораси 15,2 минг туп, каталпа 13,8 минг туп, шумтол 31,9 минг туп, қайрағоч 6,1 минг туп, павлония 794,2 минг туп, терак 1517,5 минг туп, заранг 4,7 минг туп, акация 7,5 минг туп, чинор 18,7 минг туп, тут 776,2 минг туп, жийда 62,5 минг туп, ёнғоқ 114 минг туп, беҳи 76 минг туп, узум 309,6 минг туп, гилос 118,4 минг туп, олма 132,2 минг туп, олхўри 106 минг туп, бодом 124,5 минг туп, нок 105,4 минг туп, ўрик 138,2 минг туп, анор
146,6 минг туп, хурмо 113,7 минг туп, шафтоли 108,8 минг туп, Элдорқарағай 84,5 минг туп, Виргин арчаси 59,9 минг туп, Шарқ туяси 40,6 минг туп, Сурия атиргули 61,6 минг туп, Қрим қарағайи
8 минг туп, шу билан бирга 1392,5 минг туп қаламчалар экилиши белгиланган.

Ўтган йилги тажрибадан келиб чиққан ҳолда, 8,5 млн. дан зиёд манзарали, мевали ва қаламча дарахт ва бута кўчатлари захираси яратилди. Уларнинг 2,5 млн.дан зиёди Андижон давлат ўрмон хўжалиги захира қисмида, қолганлари эса вилоятдаги кўчатчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари, хусусий тадбиркорлар ва аҳоли хонадонларида етиштирилмоқда.

“ЯШИЛ МАКОН” ВОЛОНТЁРЛАРИ

Экилган кўчатлар юртимизни обод, шаҳар ва қишлоқларимизни кўркам қилибгина қолмай, тоза ҳаво, мусаффо осмон, покиза сув билан таъминланишимиз учун муҳим омилдир.

Ҳисоб-китобларга кўра, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кейинги беш йилликда республикамизда бир миллиард кўчат экилади. Келажакда ушбу кўчатларнинг 80 фоизи, яъни, 800 миллиони ўсиб-ривожланса, аҳоли жон бошига 20 тупдан зиёд дарахт тўғри келар экан. Бу атмосфера ҳавосининг кислород билан тўйинишига, турли қум, туз бўронларининг, тупроқ емирилишлари, сел келиши, қор кўчиши таъсирларининг табиатимизга салбий оқибатларини сезиларли даражада камайишга ҳисса қўшади.

Андижон вилоятида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор ойларида жами 15 млн 416 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилиб, кўзда тутилган режа 101.7 фоизга бажарилди.Шунингдек, 2022 йилга режа ҳам орриғи билан адо этилган.

Яхши ният билан экилаётган ҳар бир кўчатнинг парваришини назорат қилиш учун вилоятдаги олий ўқув юртлари ёшлари хайрли ташаббус билан чиқдилар.Кўнгилли ёшлардан иборат «Яшил макон волонтёрлари» жамоалари фаолияти йўлга қўйилди.

Айниқса, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялари институти талабалари экилаётган кўчатларни парваришлаш жараёнини назорат қилиш билан бирга боғдорчилик, ер билан тиллашиш борасида тегишли тавсиялар бериб боришмоқда. Улар кўчатларнинг тўғри экилиши, ўз вақтида суғорилиши, минерал ва табиий ўғитлар билан озуқаланиш жараёнларини назорат қилишади. Ҳар бир дарахт кўчати рўйхатга олиниб, уни ҳимоя қилиш ҳам мазкур жамоа зиммасига юкланган.

Кўнгилли ёшлар гуруҳини “Яшил макон посбонлари”,десак муболаға бўлмайди. Хайрли ишга қўл урган табиат фидойилари кўчат экиш акцияларида ҳам фаол. Улар ўзлари таълим олаётган муассаса ҳудуди яқинидаги кўча ва хиёбонларни обод қилишга астойдил киришганлар.

Ҳаётимиз, саломатлигимиз учун муҳим бўлган яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахт экиш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифасидир. Андижон яқин йиллар ичида юртимизнинг энг яшил ва баҳаво ҳудудларидан бирига айланади.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА.