Андижон 24

Янгиланишлардан юксалаётган Андижон: ЁШЛАР ҲАМИША ИЛҒОР


25.02.2021   2289

Бугун аксарият катта авлод вакиллари ёшларга ҳавас қилаётгани бежиз эмас. Андижонликлар ҳам улкан салоҳияти, қалбида шижоати, билагида кучи тўла йигит-қизларга умид боғлайди. Айни пайтда вилоятда 30 ёшгача бўлганлар 1 миллион 650 минг 725 нафарни ташкил этади. Банд бўлмаганларни қисқа курсларда ўқитиш, хорижда ишламоқчи бўлган ёшларга тил ўргатиш юзасидан ҳар бир шаҳар, туманларда бепул ўқитиш тизими йўлга қўйилди.

Вилоятда тадбиркорлик билан бирини икки қилиш мақсадида юрган ёшлар талайгина. Шаҳарлар ва туманлардаги касб-ҳунар мактабларида 48 соатлик ўқув курсларида ўқитилаётган бўлғуси тадбиркорларнинг 916 нафарига 22 миллиард 57 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Айни пайтда нафақат уларнинг ўзлари, бутун оила аъзоларининг ҳаётга интилиши, дунёқарашини ўзгартираётган бундай саъй-ҳаракатларнинг яна бири “Ҳар бир ёшга — 10 сотих” лойиҳасидир. Лойиҳа доирасидаги ишлар аллақачон бошланиб, 7206 нафар ёшга 730,2 гектар ер ажратилди. Деҳқончилик билан шуғулланиш истагидаги йигит-қизларга вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ўзи тупроқ билан тиллашишни ўргатаётгани уларга куч бағишлаб, ердан барака топишга ишонч бераётгани аниқ. “Ёшлар саноат зоналари”ни ташкил этиш учун вилоят бўйича 75 гектар ер майдони ажратилиб, ёшлар таклифлари ишлаб чиқилаётгани ҳам эртамиз эгаларига берилаётган улкан имкониятларнинг бир кўринишидир.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож 5 518 нафар ёшга ёрдам кўрсатилган бўлса, ижтимоий ҳимояга муҳтож 23 нафар талабага “Вилоят ҳокими стипендияси” жорий этилди. Шартнома тўловини тўлай олмаётган, шароити оғир талабаларга контракт пуллари тўлаб бериляпти. — Уч нафар фарзандим олийгоҳда ўқийди. “Темир дафтарда” рўйхатда турамиз. Катта ўғлим шартнома асосида олий ўқув юртида таҳсил олади. Унинг шартномадаги пулини тўлашга қийналиб қолгандик. Кейин ҳокимликка ёзма мурожаат қилдим. Югур-югурлар, оворагарчиликларсиз 9,5 миллион сўм шартнома пулини таълим муассасаси ҳисоб рақамига ўтказиб беришди, — дея кўзига ёш олди қўрғонтепалик онахон. Фарзандига ёрдам қилинган оналарнинг қайси бири билан суҳбатлашманг, уларнинг қувонч ёшлари қалбингизни тўлқинлантириб юборади. Айни пайтда вилоятдаги 882 та маҳаллада “маҳаллабай” тизимида олиб борилаётган ишлар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”- нинг тўғри юритилишини ўрганишга ҳам айни муддао бўлди. Мазкур дафтарларда рўйхатда турганлар ҳаётда ўзини тиклаб олганидан сўнггина рўйхатдан чиқарилиши мутасаддилар томонидан жойлардаги ижрочиларга кенг тушунтириляпти. Бу борада вилоятнинг Булоқбоши, Балиқчи, Хўжаобод туманларида олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш мумкин. 15-20 кишидан иборат ҳамкор ташкилот вакилларидан тузилган ишчи гуруҳлар аксарият муаммоларни ўша ернинг ўзида ҳал этаётгани билан одамлар ишончини оқлаётгани қувонарли, албатта. Айниқса, миграция, ёшларнинг кредит олиши билан боғлиқ масалаларга жиддий ёндашиляпти. Пандемия сабабли хорижга чиқа олмай қолган фуқароларга ишлашга боришларига кўмаклашиляпти. Умуман олганда, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ҳаётда ўз ўрнини топа олиши учун сабабчи бўлишдек эзгу ишлар андижонликларни ҳаётдан рози бўлиб яшашга ундайди. Жорий йил 78 та маҳалладаги оғир ҳудудларнинг “Обод қишлоқ” дастурига киритилиши эса ўша қишлоқларда яшовчи боғча болаларидан тортиб, нуронийларигача гўзал ҳаёт завқини бахш этди, десак муболаға бўлмайди. Уларнинг “хайрият, қишлоғимиз обод бўлар экан”, деб шукрона келтираётганларининг ўзи гўзалликка, ободликка интилишдир. Қишлоқларининг янги қиёфаларини тасаввур қилаётган бундай одамларда узоқ умр кўриш, бунинг учун, аввало, соғлом турмуш тарзига интилиш, спорт билан шуғулланишга иштиёқ ҳам орта бошлади.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.