Андижон 24

ЯНГИ ЙИЛ АРАФАСИДА АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ ШУҲРАТБЕК АБДУРАҲМОНОВ 132 ТА ОИЛАГА ЯНГИ ХОНАДОН КАЛИТЛАРИНИ ТОПШИРДИ (ФОТОРЕПОРТАЖ)


22.12.2021   1353

Хўжаобод адирликларини бугунтанимайсиз. Одамлар гавжум шаҳарчага айланган.Баланд, замонавий кўп қаватли уйларни кўриб хавасингиз келади. Одатда янги жойга кўчиб борсангиз, ўша ерга, атрофингиздаги одамларга ва улар сизга кўниккунча бироз фурсат ўтади. Лекин вилоятимизнинг қир-адирлари бағрида барпо бўлган Мустақилликнинг йигирма етти йиллиги номли маҳаллага ташриф буюрсангиз, тасаввурларингиз ўзгариб кетиши аниқ. Янги уйлардаги янги қўшнилар ҳудди азал-абад қадрдонлардай, бир-бирларига меҳр улашиб чарчашмайди.

Бугун уларнинг сафига яна 132 оила қўшилди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанада вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳудуддаги янги хонадон калитларини ўз эгаларига топширди.

Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги борижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар кўрсатилган ғамхўрликдан мамнун. Бу уларнинг юзу кўзидаги қувончдан аён. Бири ўрнидан туриб, юролмаса-да, яна бошқаси эшитиб, гапиролмаса-да, ўз кўзлари билан кўролмаса-да, самимий табассуми, қувонч кўз-ёшлари билан хурсандилигини билдирди. Ўз уйинг, ўлан тўшагинг, деб шуни айтадилар-да. Эркин нафас оласан, кўнглинг тусаганидек яшайсан.

- Юртбошимизга, вилоятимиз ҳокимига миннатдорчилик мактубини йўлламоқчиман, - дея кўзига ёш олдиизбосканлик Ёрқиной Ҳожиматова. – Шунча уй-жойларни барпо этиб, жиҳозлаб, ўксик кўнгилларни шод этиш, Аллоҳ ярлақаган элнинг қўлидан келади, холос. Янги йилни янги уйда кутамиз. Байрамларни ўз уйингда кутишга нима етсин. Каталакдек хонадонда уч хўжалик, 2 болам билан қисиниб-қимтиниб кун кечирганларим ортда қолгани рост бўлсин. Онам етти йилдан бери бир жойда, 2-гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғим вафот этган. Икки келин билан 3 сотихли ҳовлида яшаб келаётгандик. Янги уйимизнинг олти ойлик имтиёзли даври билан бошланғич тўлови тўлаб берилди. Тикувчилик қўлимдан келади. Ишлаб, ўзимга ўхшаган аёллар билан биргаликда кичик тадбиркорликни йўлга қўйишни режалаштиряпман.

Ҳувайдо ХЎЖАМҚУЛОВА,

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.