Андижон 24

ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ БУ ГАЛГИ САЙЁР ҚАБУЛИ ХЎЖАОБОД ТУМАНИДА БЎЛИБ ЎТДИ


25.12.2021   1465

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов доимо юртдошларимиз хузурида бўлишга, самимий мулоқот қилишга ҳаракат қилади. Фуқароларнинг мурожаатлари чоғида билдирган муаммоларни хал этишга эътибор беради. Ёшларни кўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили якунланаётган кунларда Хўжаобод туманидаги замонавий асосларда барпо қилинган Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалла фуқаролар йиғинидаги сайёр қабул ҳам бундан далолатдир.

-Боғ барпо қилиш учун ер ажратиш масаласида кўмак сўрадим,-дейди Андижон шаҳри, Бўстон маҳалла фуқаролар йиғинилик Хилолахон Акбарова. – Тегирмончи маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида боғ барпо қилса бўладиган ер бор. Вилоят ҳокими мутасаддиларга масалани ўрганиш бўйича топшириқ берди.

- Асакаликман,- дейди қабулга келган меҳнат фахрийси Абдуманноб ака Мунирхонов. - Катта ўғлим 42 ёшда, тўрт фарзанди мактабда ўқийди. – Анчадан буён жигар хасталигидан азият тортади. Оиламиз, қариндошлар маблағ тўплаб Ҳиндистонга операция қилиш учун жўнатдик. Келиним донор бўлди. Жаррохлик амалиёти маваффақиятли ўтди. Тиббий ҳаражатлар учун 8 минг АҚШдолларига зориқиб қолдик. Кўп ўйланиб, вилоят ҳокимидан нажот тилаб келдим. Зора ҳимматли, саховатли инсонлар ёрдам қилишса...

Биринчи гуруҳ ногирони избосканлик Диёрбек Пўлатовнинг умр йўлдоши фармацевт. Улар дорихона қуриш ниятида. Бунинг учун ер ажратилиши масаласида муаммо мавжуд.

Сайёр қабулга келганларнинг бири банк кредити кераклигини билдиради, бошқаси ишга жойлашишда , тадбиркорликни ривожлантиришда кўмак сўрайди. Тегишли ташкилотлар, муассасаларнинг вакиллари фуқароларнинг мурожаатларини тинглаб, тегишли тарзда кўмаклашдилар.

  • Андижон туманида яшовчи фуқаро Наргиза Алижонова болалар нафақа пули бўйича маслаҳат сўради,- дейди бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи Нозимжон Абдужабборов. – Амалдаги қонунлар асосида жавоб бердик.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сайёр қабулда кўплаб ҳамюртларимизнинг муаммоларини жойида хал қилди. Мурожаатларда билдирилган ўрганишни тақозо этадиган масалалрни кўриб чиқиб, ечимини топиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Аҳмадилло СОЛИЕВ.

Хурсандбек АРАББОЕВ

олган суратлар.