Андижон 24

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ МУСТАҚИЛЛИК ДАРСЛАРИНИ ЎТДИ


04.09.2019   1618

Вилоятимизнинг ҳар бир таълим муассасасида Билимлар куни муносабати билан тадбирлар бўлиб ўтди. Уч ойлик танаффусдан сўнг жаранглаган биринчи қўнғироқ ўқувчилару талаба ёшларни таълим даргоҳларига чорлади. Байрамона ясаниб олган болалар устозларига гуллар тақдим этишиб, янги ўқув йили билан қутладилар. Меҳнат фахрийлари, оқсоқол отахонлар, нуроний онахонлар ёшларга истиқлол қувончу шукуҳлари, ўтган кунлар хотираларидан сўзлаб бердилар.

Андижон давлат университетининг толибиилмлари вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси ШуҳратбекАбдураҳмоновнинг Мустақиллик маърузасини тингладилар.

– Аввало, куни кеча юртимизда катта тантаналар билан нишонланган Мустақиллик байрами, – деди вилоятимиз раҳбари, –шунингдек, Билимлар куни билан устозлар, профессор-ўқитувчилар жамоаси ва талаба фарзандларимизни муборакбод этаман. Мамлакатимиз ҳамиша гуллаб-яшнасин, ҳар бир хонадонда тўю байрам, тантаналар кўпайсин.

Сўнгра нотиқ истиқлол йилларида бутун республикада, шунингдек, Андижонда амалга оширилган ишлар, олдинда турган янги вазифалар, эришилган муваффақиятлар, муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида батафсил сўз юритди. Айниқса, юртимиз обод ва фусункор бўлишида ёшларнинг ҳиссаси салмоқли эканини алоҳида таъкидлади.

Университет тизимидаги "Қатағон қурбонлари хотираси" музейида чор Россияси ва советлар даврида ноҳақ қатағон қилинганлар хотирасига атаб ўтказилган тадбир ҳам кўпчиликнинг ёдида қолиши табиий. Унда вилоят ҳокимлиги, жамоатчилик, диний идоралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, қатағон бўлганларнинг авлодлари ва талаба ёшлар иштирок этдилар. Ўтганлар ҳақига Қуръон тиловатлари бағишланиб, дуолар қилинди.

Шундан сўнг вилоят ҳокими анжуман иштирокчилари билан музей залларини айланиб,экспонатлар билантанишди. АДУ профес-сори, тарих фанлари доктори Р. Шамсутдинов ўтмишнинг аянчли даврига оид ноёб ҳужжатлар, фотосуратлар, картиналар, кинохроникаларда акс этган фожиали воқеа-лар, ноҳақ қурбон бўлганларҳақида сўзлаб берди.

***

Шу куни вилоят ҳокими Андижон шаҳридаги 18-умумтаълим мактабига ташриф буюриб, биринчи синф ўқувчиларига ўқув қуроллари ва китоблардан иборат Президент совғаларини топширди.Болажонлар ширин тил билан Юртбошимизга миннатдорлик билдириб, она Ватан, бахтли болалик ҳақида шеърлар ўқишди.

Вилоятимиз раҳбарининг юқори синфларда ўтган Мустақиллик дарслари ўқувчиларга ёқди. Энг асосийси, улар вилоятимизда инсон манфаати, фаровон келажакни қуриш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳокимнинг ўзидан эшитиб, кенг тасаввурга эга бўлдилар.

Тўлқин СИДДИҚ,

Нажмиддин

ЭРГАШЕВ.

Фотомухбиримиз Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратда тадбирданлавҳа акс этган.