ЖАМИЯТ

ЎзЛиДеП САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИДА ЎЗГАРИШЛАР ЮЗ БЕРДИ


28.07.2019   1056

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал демократик партияси Марказий кенгаши томонидан “Сайлов кодекси”нинг янги таҳририни ўрганиш, сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш юзасидан партия Кенгашининг навбатдаги умумий йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда партия фаоли Мафтуна Жалолдинова хабар бермоқда.

Унда партиянинг ҳудудий Кенгашлари раислари, мутахассислари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Партия Марказий кенгаши раиси Актам Хаитов олиб борган йиғилиш мобайнида давлатимиз раҳбари томонидан 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатларстратегияси қабул қилинганлиги, янги сайловолди дастури ҳам мазкур меъёрий ҳужжатга ҳамоҳанг бўлиши тўғрисида тушунчалар берилди.

Хусусан, янги таҳрирда қишлоқ хўжалигида маъмурий бошқарувдан воз кечиб, шартномавий муносабатларга ўтилиши, нодавлат таълим ҳизматлари фаолиятининг кенгайтирилиши қайд этилди.

Йиғилишда иккинчи долзарб масала яқин орада қабул қилинган Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўлди. Унда Сайлов кодексининг сайлов қонунчилиги билан боғлиқлиги, бу кодекснинг кучга кирганлиги сайлов тўғрисидаги қонун тўғрисидаги ҳужжатларини бирхиллаштиришга хизмат қилаётгани ҳақида айтиб ўтилди.

Йиғилиш давомида партиянинг барча вилоятлари Кенгашлари раислари олти ойлик фаолият юзасидан ҳисобот бердилар ҳамда янги таҳрирдаги Сайловолди дастурига киритилган ўзгартиришларга ўз муносабатларини билдирдилар.

Йиғилиш сўнггида ҳудудий кенгашлар мутахассисларига партия сафига ташкилотчи аёлларни жалб қилиш, “Замонавий бунёдкор фёл – ЎзЛиДеПни танлайди”, “Бунёдкор аёллар” каби лойиҳаларни самарали татбиқ етиш, асосий бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш йўналишини янада жадаллаштириш юзасидан топшириқлар берилди.

Шунингдек, партия электорати ўртасида давра суҳбатлари, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Йиғилишда қайд этилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг вилоят Кенгашида фаоллар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Уни партиянинг Андижон вилоят бўлими раиси Тоҳиржон Толипов олиб бориб, белгилаб берилган вазифаларни ўз вақтида бажариш лозимлигини айтиб, барчадан фаолликни янада оширишни сўради. Сўзга чиққанлар Сайловолди дастурига киритилган ўзгааришлар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.