Андижон 24

ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ҚУРИЛГАН “КАДАСТР”ЛИ УЙЛАР ҚОНУНИЙЛАШТИРИБ БЕРИЛМАЙДИ – «ЕРГЕОДЕЗКАДАСТР»


12.03.2020   1383

Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларда қурилган айрим уйларнинг кадастр ҳужжатлари ҳам бор. Тураржойлар қонунга зид равишда қурилган бўлса ҳам, улар ҳужжатлаштириб берилган, дейилади“Kun. uz.” хабарида.

10 март куни ўтказилган «Ҳукумат соати»да Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев бу борадаги сўровга шундай изоҳ берди:

«Тўғри, айрим уйлар ноқонуний қурилган бўлишига қарамасдан, кадастр ҳужжатлари қилиб берилган ҳолатлар ҳам мавжуд. Бунга кўз юмолмаймиз. Беш қўл баробар эмас, турли одамлар бўлади. Коррупцияга йўл қўйилган ёки эътиборсизлик қилинган ҳолатлар ҳам бўлган.

«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасида келтирилган нормага кўра, агарда фуқаро ҳукумат ёки мутасадди ташкилотнинг чиқарган қарорига ишонган бўлса, унинг бу ишончи қонун билан ҳимояланади.

Шунга мувофиқ, бундай ҳолатларда уларнинг [кадастр ходимларига ишониб, кейинчалик жабрдийда бўлиб қолганларнинг] ҳуқуқи қонун томонидан ҳимоя қилинади», – деди у.

Қўмита раисининг билдиришича, кадастр ходими уйини ҳужжатлаштириб берган, шунга ишониб, «тураржойим қонуний» деб хотиржам юрган одамлар йиллар ўтиб кимларнингдир хатосини деб жабрдийда бўлиб қолганда муаммоли вазиятларнинг ҳар бири индивидуал ҳолатда ўрганилади. Лекин шунга қарамай, уларнинг ноқонуний қурилган уйлари қонунийлаштириб берилмайди.

Маълум қилишича, шу пайтгача кадастр ходими хатоси билан жабрдийда бўлиб қолган бирорта фуқарога қўмита томонидан ҳеч қандай компенсация тўланмаган.