Жамият

ЎЗБЕКИСТОНДА БАҲОРНИНГ ИЛК КУНЛАРИ ҚАНДАЙ ОБ-ҲАВО КУЗАТИЛАДИ?


03.03.2020   110

Бу йилги баҳор қуёшли ва илиқ ҳаво билан бошланади. 1—2 мартда кундузги ҳарорат 20-23 даражагача кўтарилади, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 8-10 даражага юқори, дейилади «Ўзгидромет» хабарида.

Қайд этилишича, 3 март куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида илиқ ва қуруқ ҳаво сақланиб туради. 4—5 мартда салқин ва нам ҳаво оқимининг кириши билан ҳарорат пасаяди. Республиканинг баъзи жойларида ёмғир ёғади. Бироқ баҳор ойининг биринчи ўн кунлигида об-ҳавонинг кескин ўзгаришлари кутилмаяпти.

Ўзбекистонда март ойи йилнинг ҳам ёғинлар миқдори ҳам ёғингарчиликли кунлар сони бўйича энг кўп кузатиладиган давридир. Ўртача ҳисоблаганда агар шимолий ҳудудлар ва чўл зонасини ҳисобга олинмаса, мартда 10 кундан 15 кунгача ёғингарчиликли кунлар бўлади.

«Шуни ҳам назарда тутиш керакки, март ойи жуда инжиқ ой. Бу ойга ҳаво оқими йўналишларининг тез-тез ўзгариб туриши хосдир. Хорижий жанубдан жадал кирадиган жуда илиқ ҳаво оқими Волгабўйи, баъзида Урал ва камдан кам ҳолда Ғарбий Сибирдан кирадиган совуқ ҳаво билан алмашиб туради. Шунинг учун иссиқ ҳаволи давр совуқ ҳароратли давр билан алмашиб туради. Ҳаво оқимлари алмашинуви нам билан биргаликда келса, об-ҳаво беқарор бўлиб, ёғингарчилик кузатилади», — дейилади хабарда.