Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти – president.uz янги форматда ишга туширилди


01.01.2021   1575

Аввало, сайтнинг дизайни бутунлай ўзгаргани кўзга ташланади. Контент жиҳатидан ҳам бойиган ва қўшимча қулайликлар яратилган.

Масалан, янги сайтда “Президент Администрацияси” бўлими очилган. Унда Президент маслаҳатчилари, Президент Администрациясининг асосий вазифалари, Президент Администрациясининг Ижро этувчи аппарати раҳбарияти, Президент ва Администрация ҳузуридаги ташкилотлари тўғрисида умумий маълумотлар билан танишиш мумкин.

Бош саҳифада Президент Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий аккаунтларига ҳаволалар яққол кўринадиган тарзда жойлаштирилган. Шунингдек, ҳар бир янгиликни ижтимоий тармоқларда улашиш имконияти яратилган.

Сайтнинг интерфаоллигини ошириш мақсадида янги функциялар жорий этилган. Масалан, давлат раҳбарининг “Facebook” ва “Twitter” ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига виджетлар ўрнатилган. Яъни, ушбу саҳифаларни “Facebook” ва “Twitter”га ўтмасдан туриб, сайтнинг ўзида кўриш мумкин.

Сайтнинг бош саҳифасида дунё ва Ўзбекистон харитаси жойлаштирилган. Бу функция ёрдамида Президентнинг хорижга ва мамлакатимиз ҳудудларига ташрифлари ҳақидаги ахборотларни харита орқали топиш мумкин.

“Медиатека” бўлимида илгари фақат фотогалерея бор эди. Янги сайтда бу бўлим фотосуратлар билан бойитилиб, фойдаланувчиларга қулай бўлиши учун “Мажлис ва маросимлар”, “Хорижга ташрифлар”, “Қабуллар”, “Ҳудудларга ташрифлар”, “Портретлар” каби тоифаларга ажратилган.

Сайтдаги янгиликлардан яна бири – Видеогалерея. Илгари Президент фаолиятига оид фильм ва видеолавҳаларни фақат Youtube ёки Тelegram платформаларида кўриш мумкин эди. Энди улар веб-сайтнинг ўзида тўртта категория бўйича “TAS-IX” тармоғида жойлаштириб борилади.

Ҳужжатлар бўлимида янги “Инфографика” саҳифаси ҳам ташкил этилган.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси” порталига ўтиш, Халқ қабулхоналарининг алоқа маълумотларини излаш каби қулайликлар бор.

Янги сайт 1 январдан тест режимида ишлай бошлади. Унинг бундан олдинги версияси 2017 йилда ишга туширилган эди.

Манба: uza.uz