Андижон 24

УЮШМАГАН ЁШЛАР УЮШГАНИДА...


31.10.2023   213

Ҳар бир ҳудуд ўзига хос жиҳати билан ном таратади. Масалан, Асака туманида “Чўнтак” маҳалласи шу номдаги чойхонаси билан машҳур бўлса, “Файзиобод”ликлар томорқасидан бир йилда тўрт мартагача ҳосил олаётгани учун ҳурматда. Алишер Навоий номли маҳалла эсабахаво ҳудудда эканлиги билан ҳавасингизни қўзғатади. Туманнинг энг чеккаманзилида жойлашган “Бахрин”ликлар спортчилар маҳалласи номини олганига ҳеч қанча бўлгани йўқ. Шундайбўлсада, эндиликда уни ҳамма “Чемпионлар маҳалласи” деб аташади.

-Бундан атиги икки йил олдин маҳалламизда спорт билан шуғулланадиган ёшлар йўқ эди, -дейди маҳалла ёшлар етакчиси Фаррухбек Турсунбоев. –Уларни бир мақсад йўлида бирлаштириш учун аввало, шароит бўлиши керак эди. Шу боис 320 миллион сўм маблағ ҳисобига маҳалламизда спортнинг 6 та тури бўйича машғулот ўтиш мумкин бўлган спорт майдонини барпо этдик. Қолаверса, ҳудудимизда жойлашган 43-умумтаълим мактабининг спорт залида маҳалла йигит-қизлари учун қулай шароитни барпо этдик. Энг аввало, уюшмаган ёшларни спортга жалб этдик. Уларнинг иштирокида дастлаб, кўчалараро мусобақалар ташкил этган бўлсак, кейинчалик бу беллашувлар қўшни маҳаллалараро бўлиб ўтди. Қарабсизки, ёшларимиз ҳар куни спорт майдонида шуғулланадиган бўлди. Қишлоқ шароити эмасми, кундузи ҳаммада ҳам вақт бўлмаслиги мумкин. Шу боис асосий машғулотларни оқшом чоғи ташкил этмоқдамиз.

Ёшларни спортга жалб этиш орқали аввало, уларнинг фаоллиги таъминланди. Қолаверса, маҳалла обрўси, нуфузи учун бошланган мусобақалар аста-секин тумандан вилоятга, вилоятдан республика босқичларигача бўлган босқичларни қамраб олди. Шижоатли, ҳаваскор спортчилар шу тариқа мамлакатимиз биринчилиги учун ўтказилаётган беллашувларда бир неча бор ғолибликни қўлга киритдилар. Бу борада “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг аҳамияти катта бўлмоқда.

-“Бахрин” номи билан майдонга тушаётган жамоаларимиз футбол, волейбол, гандбол, баскетбол йўналишларидамаҳалламиз шарафини ҳимоя қилаётган бўлсалар, 20 нафардан зиёд ёш спортчилар якка тартибдаги спорт турларида республика чемпионлигига муносиб топилдилар. Мақсудбек Солижонов, Сирожиддин Матёқубов, Азизбек Тешабоев, Ҳамидулло Мирзаолимов каби маҳалладошларимиз эса чемпионлик шохсупасини забт этиб, барчага ибрат бўлмоқда.

Ёшларни бир мақсад йўлида бир майдонда жамлай олган ёшлар етакчисининг ўзи республика чемпиони сифатида тенгқурларига намуна бўляпти.

-Шахсан мен воркаут, яъниспортнинг кўча фитнеси тури бўйича мамлакат чемпиони ҳисобланаман, -дейди Фаррухбек Турсунбоев. –Ўзим чемпион бўлмай туриб, бошқалардан буни қандай талаб қилишим мумкин? Шунинг учунишдан бўш пайт топдим, дегунча, маҳалламиздаги воркаут майдончасига ошиқаман.

Бугун маҳалланинг 200 нафардан зиёд уюшмаган ёшлари спортнинг айрим турлари билан машҳул. Улар тумандаги жами 23 та маҳалла ёшлари орасида тиришқоқлиги, ҳаракатчанлиги, мақсади йўлида тинимсиз изланишлари билан ажралиб турадилар. Бу эса “Бахрин”ни “Чемпионлар маҳалласи” номини олишига сабабчи бўлди.

Саминжон ҲУСАНОВ.